Оксфорд луғати йил сўзини эълон қилди
Олам
−
01 Декабрь 4373 2 дақиқа
Оксфорд нашриёти 2025 йилнинг асосий сўзи сифатида “rage bait” (“ғазаб ўлжаси”) терминини танлади. Бу ҳақда Оксфорд университети нашриётининг расмий сайтида маълум қилинди.
Бу атама интернетда эътибор тортиш мақсадида атайлаб жанжал ёки ғазаб уйғотадиган контентни англатади.
Оксфорд университетининг Тил факультети раҳбари Каспер Гратволнинг айтишича, “rage bait” сўзининг кенг қўлланаётгани одамларнинг интернетдаги манипулятив усулларни тобора кўпроқ англаётганидан далолат беради.
Атама инглизча “rage” (“ғазаб”) ва “bait” (“ўлжа, қармоқ”) сўзларидан таркиб топган. Сўнгги бир йил ичида унинг қўлланиши уч баравар ошган.
“Rage bait” ибораси биринчи бор 2002 йилда Usenet платформасида ҳайдовчиларнинг йўлдаги тажовузкор реакциясини тасвирлаш учун ишлатилган. Кейинчалик у интернетга кўчди ва вақт ўтиши билан медиа мутахассислари ҳамда контент яратувчилар луғатига кириб борди.
Шунингдек, финал рўйхатига “aura farming” (ўзини маълум тарзда кўрсатиш орқали жозибадор ёки сирли имиж яратиш) ҳамда “biohack” (овқатланиш, машқ, турмуш тарзи ёки қўшимча воситалар орқали жисмоний ёки ақлий самарадорликни оширишга уриниш) терминлари ҳам киритилган.
Ўтган йили эса Оксфорд луғати йил сўзи сифатида “brain rot” (“миянинг чириши”, интернетга ҳаддан зиёд берилиб кетишни англатувчи ибора) ифодасини танлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британияда нашр қилинадиган “Collins” инглиз тили луғати 2025 йилнинг йил сўзи сифатида “vibe coding” атамасини эълон қилганди. Луғат изоҳига кўра, “vibe coding” – бу вазифани оддий инсон тилида тасвирлаб бериш орқали, сунъий интеллект ёрдамида компьютер кодини ёзиш жараёни, яъни одам кодни ўзи ёзмайди, балки сунъий интеллектга қандай натижа кераклигини айтади ва сунъий интеллект кодни тайёрлаб беради.