Онаси ўзбек бўлган Арфия Эри Японияда лавозимга қайта тайинланди
Олам
−
01 Ноябрь 8586 2 дақиқа
Онаси ўзбек, отаси эса уйғур бўлган япониялик сиёсатчи Арфия Эри мамлакат ҳукуматининг янги таркибида Ташқи ишлар вазирининг парламент ўринбосари лавозимига қайта тайинланди. Бу ҳақдаги маълумот Бош вазирнинг расмий сайтида келтирилган.
Қайд этиш жоиз, у биринчи марта 2024 йилнинг 13 ноябрь куни парламент ўринбосари этиб тайинланган, жорий йилнинг октябрь ойида эса янги ҳукумат таркибида лавозимига қайта тасдиқланган.
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Арфия Эри 1988 йил 16 октябрда Фукуока префектурасининг Китакюсю шаҳрида туғилган отаси уйғур ва онаси ўзбек миллатига мансуб япониялик сиёсатчи. У Япония Либерал-демократик партияси вакиласи ҳисобланади.
У Жоржтаундаги Дипломатик хизмат мактабини ва Вашингтондаги Олий дипломатик хизмат мактабини тамомлаган. Инглиз, хитой, ўзбек, турк ва уйғур тилларида эркин сўзлаша олади, араб тилини эса бошланғич даражада билади.
Аввал Япония Марказий банкида ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотида фаолият юритган. 2023 йил апрель ойида у Тиба префектурасининг 5-округидан Япониянинг Вакиллар палатасига қўшимча сайловларда депутат этиб сайланган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда асли ўзбекистонлик Орзугул Бобохўжаева Токио шаҳридаги Сетагая туман ассамблеясига депутат этиб сайланганди. Орзугул Бобохўжаеванинг номзоди Япония Конституциявий-демократик партиясидан кўрсатилган. Сайловнинг якуний босқичида ўзбекистонлик аёл 6771 овоз тўплаган.
Live
Барчаси