Ортиқхўжаев Президент ёнида кўриниш берди
Жамият
−
22 Июль 13517 2 дақиқа
Бугун, 22 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф давомида Президент “Зомин технопарки” махсус саноат зонасини бориб кўрди, у ерда режалаштирилган янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди ва туманда қурилаётган маиший техника заводини кўздан кечирди.
Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинган расмлардан шуни кўриш мумкинки, Шавкат Мирзиёевга таниқли тадбиркор, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев заводни тақдимот қилган. Шунингдек, хабарда қайд этилишича, Зоминдаги ушбу заводда кир ювиш машинаси, совуткич, телевизор, электр сув иситкич каби йилига 1 миллион дона маиший техника ҳамда бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади.

Бундан ташқари, саноат паркида “Автосаноат” АЖ таркибидаги корхоналар учун пластмасса маҳсулотлари тайёрлаш режалаштирилган.
Маълумки, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018-2023 йилларда Тошкент шаҳрини бошқарган. У 2023 йил 16 январь куни Президент ҳузурида бўлиб ўтган энергия ресурслари таъминоти юзасидан йиғилишда шахсан Шавкат Мирзиёев томонидан танқид қилиниб, “оёғи ердан узилган”ликда айбланиб, ишдан олинган эди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилганидан кейин анча вақт давомида ҳукумат тадбирларида кўриниш бермаган эди.
2024 йилга келиб, у яна давлат тадбирларида қатнаша бошлади. Масалан, Президентнинг Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувида ҳамда Озарбайжон ва Ўзбекистон Президентлари иштирокида мамлакат ишбилармон доира вакиллари билан мулоқотда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида Ўзбекистон корпоратив спорт ассоциацияси ташкил этилган ва ассоциациянинг раиси ўринбосари этиб Жаҳонгир Ортиқхўжаев сайланганди.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь