Осмонўпар бинолар ва туристик зона: Ғазони тиклаш режаси эълон қилинди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер Давосда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида урушдан кейинги Ғазо бўйича ўз режасини тақдим этди. Унинг айтишича, “бош режа бор, Б режаси йўқ”. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Тақдимот жорий йилнинг 22 январь куни Трампнинг ташаббуси билан тузилган “Тинчлик кенгаши” низоми имзоланганидан сўнг дарҳол ўтказилган. Мазкур кенгаш Исроил ва ҲАМАС ўртасида 2025 йилнинг октябрь ойида келишилган 20 банддан иборат ўт очишни тўхтатиш режасининг навбатдаги босқичи ҳисобланади. Ушбу келишувга эришишда муҳим роль ўйнаган Кушнер оптимистик баёнотлар берган, бироқ Трампнинг дастлабки режасида муҳим ўрин тутган халқаро барқарорлаштирувчи кучлар ҳақида гапирмаган.

Режага кўра, Ғазо соҳилбўйи ҳудудида “қирғоқбўйи туризм” зонаси ташкил этилади. У ерда 180 тагача осмонўпар бино қурилиши мўлжалланган бўлиб, уларнинг аксарияти меҳмонхона бўлади. Харита орқали Ғазонинг Миср билан чегарасига яқин жануби-ғарбий қисмида порт, портдан ичкарида эса аэропорт учун ҳудуд белгиланган.

Кушнер иккита шаҳар лойиҳасини ажратиб кўрсатган – Янги Рафаҳ ва Янги Ғазо. Янги Рафаҳда 100 мингдан ортиқ доимий тураржой, шунингдек, 200 дан зиёд мактаб ва 75 дан ортиқ тиббиёт муассасаси қурилиши режалаштирилган. Унинг айтишича, қурилиш ишлари икки-уч йил ичида якунланиши мумкин, вайроналарни тозалаш ишлари эса аллақачон бошланган.

Янги Ғазо саноат марказига айлантирилиши ва 100 фоиз бандликка эришилиши кўзда тутилмоқда. Компьютер тасвирларида Доҳа ва Дубай каби Форс кўрфази шаҳарларини эслатувчи, қирғоқбўйи меҳмонхоналари ва офис бинолари билан жиҳозланган мегаполис кўрсатилган.

Кушнернинг айтишича, дастлабки молиявий бадалларни ҳукуматлар киритади, илк эълонлар эса яқин бир неча ҳафта ичида Вашингтонда бўлиб ўтадиган конференцияда қилинади. У хусусий секторни ҳам фаол бўлишга чақириб, “жуда жозибадор инвестиция имкониятлари”ни ваъда қилган.

Кушнер ҲАМАСни қуролсизлантириш назорати фақат фаластинликлар томонидан тайинланган шахслардан иборат янги технократик қўмита зиммасига юкланишини айтган. Унинг таъкидлашича, агар ҲАМАС қуролсизланмаса, “айнан шу ҳолат Ғазо аҳолисининг ўз орзуларини рўёбга чиқаришига тўсқинлик қилади”.

Исроил қўшинларининг чиқиб кетиши тақдимот слайдларида атиги битта жумла билан тилга олинган.

“Ғазонинг қуролсизлантирилиши ЦАХАЛ кучларини хавфсизлик зонасидан тўлиқ олиб чиқишга имкон беради”, дейилади ҳужжатда.

Ғазонинг янги технократик қўмитаси раҳбари Али Шаат келаси ҳафта Ғазо ва Миср ўртасидаги Рафаҳ ўтиш пункти очилишини эълон қилиб, анклав “энди келажак ва дунё учун ёпиқ эмас”, деган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп ўз ташаббуси билан тузилган “Тинчлик кенгаши” низомини имзолагани ҳақида хабар берилган эди. Ҳужжатни у билан бирга жами 19 давлат вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаред Кушнер Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг