Озарбайжон диаспораси раҳбари Россия фуқаролигидан маҳрум қилинди
Олам
−
17 Сентябрь 4444 3 дақиқа
Москвадаги озарбайжонлар миллий-маданий мухторияти кенгаши раҳбари Бахтиёр Гасанов Россия Федерацияси фуқаролигидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда “Vesti.az” хабар берди.
“Vesti.az”нинг Россия ОАВ манбаларига таяниб хабар беришича, бундай қарорга унинг ноқонуний миграция ва қалбакилаштиришдан тортиб, этник сабаблар билан можаро қўзғашгача бўлган яширин схемалар билан алоқалари асос бўлган.
Айниқса, Гасанов бир неча бор Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевни қўллаб-қувватлашини очиқ баёнотларда билдирган.
“Биз шундай Президентимиз борлигидан фахрланамиз – у дунё мамлакатлари раҳбарлари орасида обрў-эътиборли шахслардан бири”, деган у 2023 йилда.
Гасановнинг исми бошқа можароли воқеаларда ҳам тилга олинган. Масалан, Москва давлат тилшунослик университетидаги чиқиш пайтида у ректорга совға тақдим этиб, у “махсус равишда Шуша шаҳридан олиб келинганини” таъкидлагани, кейинчалик хотинига ёзган хатида у буни “арманларга қарши қаратилганини” тан олгани иддао қилинмоқда.
Манбаларга кўра, Гасановнинг Озарбайжонда нуфузли ҳомийлари бўлган, аммо фуқароликдан маҳрум қилингач, унинг Россияда расмий равишда манфаатларни ифодалаш ва турли кенгашларда лавозим эгаллаш имкониятлари сезиларли даражада чекланади. Маълумот учун, у Россия паспортини 2000 йилларда олган.
Қайд этиш жоиз, Гасановни фуқароликдан маҳрум қилиш ҳамда бошқа озарбайжонликларнинг қўлга олиниши Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар кескинлашувидан кейин содир бўлмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 27 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Озарбайжонда туғилган, Россия фуқаролигига эгалиги айтилган ўнлаб шахслар 2001-2011 йиллардаги қотилликларга алоқадорлик гумони билан қўлга олинди. Улардан икки нафари вафот этди. Бу ҳодисадан кейин Баку шаҳрида ўнлаб Россия фуқаролари, жумладан жосусликда гумонланган “Sputnik Озарбайжон” журналистлари ҳибсга олинган. Россия ва Озарбайжон ўзаро норозилик ноталарини алмашди.
Жорий йилнинг июль ойи бошида Россиянинг Москва вилоятидаги яна бир Озарбайжон диаспораси раҳбари Элшан Ибрагимов Россия фуқаролигидан маҳрум қилинганди. Бунга Ибрагимовнинг жорий йилнинг 18 июнь куни “Россия Федерациясининг миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатлар содир этгани” сабаб бўлган.
Бундан ташқари, яна бир Россиядаги озарбайжон диаспораси раҳбарларидан бири Шаҳин Шихлинский Москвада қўлга олиниб, сўроқ учун Екатеринбургга олиб кетилганди. Тергов ҳаракатлари аввалроқ ҳибсга олинган жиноят ишларидан бири доирасида олиб борилмоқда. “66.ru” манбаси, ўз навбатида, Шихлинскийга қарши иккита жиноий иш қўзғатилганини даъво қилмоқда: қотиллик ва ҳукумат амалдорига нисбатан зўравонлик қўллаш моддалари бўйича. Диаспора раҳбарининг аниқ мақоми ҳозирча номаълум. Жорий йилнинг июль ойи охирида Шихлинский жиноят моддаси билан қидирувга берилган. Бироқ ИИВ маълумотлар базасидаги карточкада қайси модда бўйича экани кўрсатилмаган.
Live
Барчаси