Озарбайжон Эрондан дипломатик ходимларини олиб чиқишни бошлади
Олам
−
06 Март 2053 2 дақиқа
Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов мамлакат Эрондан барча дипломатик ходимларини олиб чиқиб кетаётганини маълум қилди. Бу ҳақда “Report” хабар берди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев дипломатик ходимларни Эрондан тўлиқ олиб чиқиб кетиш тўғрисида қарор қабул қилган.
“Ушбу жараён ҳам Теҳрондаги элчихонага, ҳам Табриздаги Бош консулликка тааллуқлидир. Ҳозирда бу йўналишда тегишли ишлар олиб борилмоқда”, дейди у.
Шунингдек, Байрамов Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан бўлган телефон мулоқоти ҳақида гапириб берган.
“Эрон томони содир бўлган воқеани синчиклаб ўрганишга ваъда берди ва биз натижаларни кутяпмиз. Ушбу ҳодиса юзасидан аллақачон дипломатик қадамлар ташланди, норозилик нотаси юборилди, ҳамкасбим билан телефон орқали гаплашдик. Эрон томони бошлаган тергов умумий жараённинг бир қисмидир”, дейди вазир.
Эроннинг Озарбайжонга ҳужуми
Бугун, 5 март куни Эрон ракетаси Озарбайжоннинг Нахичевон Мухтор Республикаси ҳудудидаги аэропортга қулаб тушди.
Нахичевон Озарбайжоннинг Эрон, Туркия ва Арманистон билан чегарадош эксклави бўлиб, Жанубий Кавказда стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланади. Агар бу ҳодиса тасдиқланса, минтақавий хавфсизлик ва сиёсий вазиятга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Мазкур воқеадан сўнг, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди. Унда битта дрон Нахичевон халқаро аэропортининг терминал биносига зарба берган, яна бошқа бир дрон эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига тушган. Ҳудуддаги мактаб ўқувчилар ва ўқитувчилари эса эвакуация қилинган.
Мазкур воқеадан сўнг Эрон Ислом Республикасининг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мужтабо Демирчилу Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган, у ерда Эрон томонига кескин норозилик билдирилган ва тегишли норозилик нотаси топширилган.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Эроннинг Нахичевон Мухтор Республикасидаги аэропортга қилган ҳужуми жавобсиз қолмаслигини билдирган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳужумдан жиддий хавотир билдирган.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Эроннинг Нахичевонга қилган ҳужумини террористик деб атади ва бунинг учун узр сўраши кераклигини айтган. Шунингдек, у Эроннинг Нахечивонга қилган ҳужумуни “нонкўрлик” сифатида баҳолаб, бу тажовузга “темир мушт” билан жавоб қайтаришини билдирди.
Live
Барчаси