Озарбайжондан “жавоб”: Бакудаги рейдда бир гуруҳ россияликлар ушланди (видео)
Олам
−
01 Июль 14980 2 дақиқа
Бугун, 1 июль куни Озарбайжоннинг Баку шаҳрида яна бир нечта Россия фуқаролари ҳибсга олинди. Уларнинг икки жиноий гуруҳга алоқаси бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда “Report.az” хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, улар наркотик моддаларни Эрон орқали транзит қилиш, уларни онлайн тарзда сотиш ва киберфирибгарликда гумон қилинмоқда.
Шунингдек, Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги икки жиноий гуруҳ фаолияти тўхтатилганини маълум қилди ва гуруҳ аъзолари орасида Россия фуқаролари ҳам борлигини билдирди. Ушбу гуруҳларнинг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси ва кибержиноятларга алоқаси борлиги айтилмоқда.
Ушбу ҳолат маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилди. Операция вақтида олинган видеоларда гумондорларнинг ерга ётқизилиб, қўллари боғланиб олиб кетилаётгани, айримларининг юзида қон излари борлиги акс этган. Улар занжирга ўхшаш тарзда юришга мажбурланган, ҳатто баъзилари чўкка туширилган ҳолатда олиб кетилган.
Қайд этиш жоиз, ушбу воқеалар Россия ва Озарбайжон ўртасидаги сиёсий кескинлик фонида юз бермоқда. Ҳаммаси жорий йилнинг 27 июнь куни Россиянинг Екетеринбург шаҳрида Озарбайжон фуқароларига қарши ўтказилган рейддан сўнг бошланди. Ушбу рейд давомида 2 нафар Озарбайжон фуқароси – ака-ука Сафаровлар вафот этди. Бунинг ортидан Озарбайжон давлат телевидениеси Россия Президентини кескин танқид қилди. Мамлакатда Россия томонидан ўтказилиши режалаштирилган барча маданий тадбирлар бекор қилинди ҳамда Миллий Мажлис раисининг биринчи ўринбосари Али Аҳмедов бошчилигидаги делегация Москвада бўлиб ўтиши керак бўлган Озарбайжон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг 23-йиғилишида иштирок этмаслигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу можаролар фонида Озарбайжон полицияси “Sputnik Озарбайжон” офисида ўтказган операция чоғида нашрда ишлаётган Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимларини қўлга олганди. Қўлга олинганлар Озарбайжон Жиноят кодексининг фирибгарлик, ноқонуний тадбиркорлик ва жиноят йўли билан олинган мол-мулкни қонунийлаштириш моддалари бўйича жавобгарликка тортилмоқда. Икки киши ҳибсга олиниб, яна беш киши жиноий жавобгарликка жалб этилган.
Live
Барчаси