Озарбайжонликлар Форс кўрфази мамлакатларидан шошилинч эвакуация қилинмоқда
Олам
−
07 Март 1929 1 дақиқа
Яқин Шарқда давом этаётган ҳарбий кескинлик сабаб Форс кўрфази мамлакатларида қолиб кетган озарбайжонликларни эвакуация қилиш бўйича шошилинч чора кўрилмоқда. Бу ҳақда APA хабар қилди.
Дипломатик ваколатхоналар орқали фуқароларни рўйхатга олиш ишлари олиб борилган. Дастлабки маълумотларга кўра, беш мамлакатдаги қарийб 1 000 нафар Озарбайжон фуқароси эвакуация учун мурожаат қилган:
- БАА – 490 киши
- Саудия Арабистони – 220 киши
- Қатар – 200 киши
- Баҳрайн – 23 киши
- Қувайт – 26 киши
БААда, хусусан Дубайда, Озарбайжон Бош консулхонаси ҳаво ҳудуди қисман очилгач, 3-5 март кунлари амалга оширилган рейслар орқали 755 нафар Озарбайжон фуқароси ватанга қайтарилган.
Саудия Арабистонидан эса 193 нафар Озарбайжон фуқароси (шунингдек, Грузия фуқароси бўлган 9 нафар ва Россия фуқароси бўлган 5 нафар озарбайжонлик) 4 март куни махсус рейс билан Жидда шаҳридан эвакуация қилинган. 7 март куни Жидда-Боку рейси билан жами 203 киши олиб келинган.
Шунингдек, Эрон орқали қуруқликдан мамлакатга ҳозиргача 300 нафар Озарбайжон фуқароси кириб келган. Ҳукумат минтақадаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда ва фуқароларни хавфсиз эвакуация қилиш чораларини давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тaбриз шаҳридаги Озарбайжон Бош консуллиги ходимларини эвакуация қилиш тўлиқ якунланганди.
Live
Барчаси