P. Diddy'га суд ҳукми ўқилди
Маданият-санъат
−
04 Октябрь 10884 2 дақиқа
Кеча, 3 октябрь куни P. Diddy номи билан танилган америкалик мусиқа продюсери ва рэпер Шон Комбс аёлларни фоҳишаликка мажбурлашда айбланиб, тўрт йилу икки ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Суд уни собиқ севгилиси Кассандра Вентура ва бошқа аёлларни гиёҳванд моддалар бериб, жисмоний зўравонлик билан фоҳишаликка мажбурлагани учун айбдор деб топган ва тўрт йилу икки ой қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Шунингдек, унга 500 000 АҚШ доллар миқдорида максимал жарима белгиланган. P. Diddy бир йилга яқин тергов ҳибсхонасида ўтиргани ҳисобга олинса, у уч йилдан кейин озодликка чиқиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.
Прокурорлар рэпер учун 11 йилдан ортиқ қамоқ жазосини талаб қилган. Аммо рэпернинг адвокатлари унинг зудлик билан озод этилишини талаб қилиб, P. Diddy’нинг панжара ортида ўтказган вақтлари унга аллақачон етарлича дарс бўлганини таъкидлаган.
“Менинг хатти-ҳаракатларим жирканч ва уятли эди. Мен ўз йўлимни йўқотиб қўйдим. Мен ўзимдан бошқа ҳеч кимни айбламайман. Сабоқ олганимни биламан ва бундан жуда афсусдаман. Мен судьядан раҳм-шафқат сўрайман”, деган Комбс.
Шунингдек, Шон Комбснинг болалари ҳам ҳакамлар ҳайъатидан отасини кечиришни ва имкон қадар енгилроқ жазо беришни сўраган.
“Биз онасиз ўсганимиз каби синглимизнинг отасиз ўсишини хоҳламаймиз. Илтимос, оиламизга яна бахтли кунлар қайтиши учун имконият беринг”, деган рэпернинг 18 ёшли қизи Делила Комбс.
Бироқ судья ўз ҳукмида Комбснинг хатти-ҳаракатлари ҳаддан ташқари номақбул эканлигини, агар озод қилинса, Комбс яна жиноят содир этмаслигига ишончи комил эмаслигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нью-Йорк федерал судида Шон Комбсга нисбатан зўрлаш ва таъқиб қилиш бўйича олтита янги даъво қўзғатилган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси