Пентагонни кузатувчи пицца тармоғи ва инқирозни прогноз қилувчи лаб бўёғи – давлат иқтисодини ўлчашнинг ноодатий усуллари
Таҳлил
−
05 Декабрь 2113 6 дақиқа
Иқтисод бир қарашда мураккаб ҳисоб-китоблар, тушунарсиз математик формулалар, тинимсиз ўзгарувчи статистикалар ва бир ерда муқим туришни хушламайдиган Гаусс чизиқлардан иборат бўлган соҳадек туюлади. Баъзан оддий истеъмолчи учун иқтисодчиларнинг алоҳида ўз тили бордек туюлиши мумкин, негаки фақат рақамлар ва лотинча атамалардан иборат нутқларни мутахассис бўлмай туриб тушуниш мушкул.
Бу мураккаблик сабаб иқтисодиётга оддийроқ йўллар билан ёндашишга уринган иқтисодий журналлар, тадқиқотчилар ёки медиа гуруҳ вакиллари турли ноанъанавий иқтисодий индексларни ишлаб чиққан. Бу индекслар одатдаги макроиқтисодий индикаторлар каби илмий аниқликка эга бўлмаса-да, улар жамият кайфияти, бозорнинг ички тебранишлари ёки истеъмолчилар хулқ-атвори орқали иқтисодий ҳолат ҳақида муқобил тасаввур беради.
Индекс – лотинча сўз бўлиб, кўрсаткич, кўрсатувчи маъноларини англатади ва одатда нарх ўзгариши, ишлаб чиқариш ёки савдо кўрсаткичларини ифодалашда, бундан ташқари турли сўровномалар натижасида шакллантирилган рейтингларда, мисол тариқасида фаровонлик индекси, ҳаёт сифатини ўлчовчи индекс каби мазмунларда қўлланилади. Аммо шундай ноанъанавий индекслар борки, улар кундалик ҳаётимиздаги харидларимиз ёки фаолиятимизга қараб шаклланади ва давлатнинг умумий иқтисодий аҳволи ҳақида маълумот беради.
Лаб бўёғи индекси
Ғалати иқтисодий индикаторлар орасида энг машҳури “Лаб бўёғи индекси” ёки “Лаб бўёғи эффекти” номлари билан аталувчи норасмий иқтисодий кўрсаткич. Бунга кўра, иқтисодий таназзул даврида лаб бўёғи, тирноқ бўёғи ва бошқа "ҳамёнбоп ҳашамат инструментлари” – арзон парфюмерия маҳсулотларнинг савдоси ошади. Ҳар бир аёл ҳатто энг оғир молиявий пайтларда ҳам мукаммал кўринишни хоҳлайди, бироқ бренд сумкалар ва қимматбаҳо кўйлаклар учун пул етишмаётгани, харид учун имкон йўқлигидан келиб чиқсак, демак эътиборни бошқа тарафга буриш керак бўлади, яъни бундай пайтда аёллар декоратив косметикага, масалан, лаб бўёғига асосий эътиборни қаратишади. “JP Morgan Wealth Management” нашрида қайд этилишича, инфляция ҳали ҳам юқори бўлган бир пайтда, уй сотиб олиш, янги машина харид қилиш ёки таътилга чиқиш жуда қимматга тушади, аммо 30 долларлик Dior “помадаларини” сотиб олиш унчалик зарарли эмас.

Психологларнинг таъкидлашича, стресс даврида кичик суммалар эвазига қиммат кўринувчи товарларни харид қилиш инсон кайфиятига ижобий таъсир қилиши айтилади.
Бу индекс биринчи марта “Estée Lauder” компанияси раҳбари Леонард Лаудер томонидан таъкидланган бўлиб, 2001 йилдаги иқтисодий пасайиш даврида лаб бўёғи савдоси тушиш ўрнига 11 фоизга ўсиши кузатилган. “The Economist” журналига кўра, 1929-1939 йиллардаги “Буюк дипрессия” даврида лаб бўёқлари савдоси 25 фоизгача юқорилаган.
Лаб бўёғи индекси бу психологик омилларга таянадиган индекс бўлиб, истеъмолчилар руҳий ҳолатини, харид қобилиятини ўрганишда муҳим сигналларни беради. Индексдан асосий хулоса шуки, агар косметик маҳсулотларга талаб бошқа пайтларга нисбатан ошаётган бўлса, демак мамлакат иқтисодиётида ишлар ёмон!
Big Mac индекси
Турли давлатлар турфа хил валютага эга ва уларнинг қийматлари мамлакатдан мамлакатга қараб фарқ қилади, яъни Ўзбекистонда 1 долларга харид қилиш мумкин бўлган товарни АҚШни худди шунча миқдор эвазига сотиб ололмаймиз. Шундай бўлса-да, бир вақтнинг ўзида бир нечта валюталар бўйича сотиб олиш қобилиятини таққослаш мумкин. Бунда умумий кўрсаткич кундалик ҳаётдаги одатий истеъмол материали кўринишида келади. 1986 йилда “The Economist” журнали томонидан ишлаб чиқилган ва ҳозиргача юритилиб келинаётган Big Mac индекси дунёдаги валюталар миқёсида харид қобилияти барқарорлигини ўлчашнинг соддалаштирилган модели сифатида машҳур бўлган.

McDonald's тармоқларининг флагман бургер – Big Mac дунёнинг қарийб 60 фоизида бир хил асосий ингредиентлардан фойдаланган ҳолда тақдим этилади. Индекс бир принципга асосланади: ҳар бир мамлакатда Big Mac бургерининг нархи валюта қанчалик қиммат ёки арзонлигини кўрсатади. Агар бир давлатда Big Mac анча арзон бўлса, бу унинг валютаси қадрсизлигини билдириши мумкин.
Big Mac индекси қандай ҳисобланишини тушуниш учун “The Economist ”нинг 2025 йил январь ойидаги маълумотларидан фойдаланган ҳолда кўриб чиқамиз.
- Японияда Big Mac 480 ¥ (ень) туради.
- АҚШда Big Mac тахминан 5,79 доллар туради.
- Кўзда тутилган айирбошлаш курси (¥480/$5,79) бир доллар учун 82,90¥.
Шундай экан, саёҳатга чиқсангиз Big Mac сотиб олинг ва мамлакатдаги инфляцион ҳолатни ҳисоблаб кўринг.
Эркаклар ич кийими индекси
Дунёда шундай иқтисодий индекслар борки, улар ҳақида омма олдида сўз очиш баъзан этикага тўғри келмайдигандек, аммо илм баъзан беандишаликни талаб қилади. Бу фикрга 1987-2006 йилларда АҚШ Федерал резерв тизимининг ўз учинчи раиси сифатида хизмат қилган Алан Гринспен қўшилган бўларди, сабаби айнан у ушбу тушунчани оммага тақдим этган инсон саналади.
Унинг фикрича, эркаклар ички кийимига бўлган талаб иқтисодий ўзгаришлардан энг кам таъсирланадиган сегмент, яъни кичик иқтисодий тебранишлар уларнинг харид қилинишига таъсир қилмайди. Агар ички кийимлар сотуви пасайишни бошласа, бу жиддий иқтисодий муаммолар бошланишидан далолат беради. Гринспеннинг таъкидлашича, одатда эркаклар бундай зарур товарларни ўз вақтида янгилаб туради, лекин молиявий қийинчилик пайтида бундай харидларни кечиктириши мумкин. Бу эса иқтисодий пасайишни эрта сезиш учун муқобил индикатор сифатида ишлатилади.
Пентагон Питса индекси
Кундалик турмушдаги майда харидлар орқали нафақат иқтисодий инқирозларни олдиндан сезиш мумкин, балки сиёсий тарангликлардан ҳам боҳабар бўлиш мумкин. Айниқса, АҚШда Пентагон, Оқ уй ёки бошқа маъмурий бинолар яқинида жойлашган “Fast Food” тармоқларидаги буюртмалар, хусусан, питса етказиб беришга талабнинг ошиши кўпинча геосиёсий майдондаги муаммоли вазиятдан дарак бериши – “Пентагон пицца индекси” ёки “Пентагон пицца назарияси” деб аталади. Фикрга кўра, агар Пентагон атрофидаги пицца тамаддихоналарида буюртмалар кескин ошса, демак ҳарбийлар кечаси кўпроқ ишлаяпти, бу эса муҳим сиёсий жараёнлар давом этаётганидан дарак бериши мумкин.1990 йилда Domino’s Pizza овқатланиш шохобчаси ходими Френк Микс “Los- Angeles Times” газетасига берган интервьюсида 1 август куни Марказий разведка бошқармаси бир кун учун рекорд даражада кўп, 21 та пиццадан иборат буюртма берганини ва эртаси куни Ироқ Қувайтни босиб олиб, уруш бошлаганини айтиб ўтган. Аввалига Микс буни шунчаки тасодиф деб ўйлаган, бироқ у 1998 йилнинг декабрида Билл Клинтон импичменти тингловлари олдидан пицца етказиб беришда шунга ўхшаш ўсишни кузатган. Ушбу назарияни далиллашга етарли тарихий асослар ҳам бор. Гренада ва Панамага бостириб кирилишидан олдин ҳам, Форс кўрфази уруши бошланишидан олдин ҳам худди шундай савдо ўсиши кузатилган.

2024 йил август ойида “Пентагон пицца ҳисоботи” деб номланувчи Х (собиқ Twitter) ҳисоби яратилди, унда пицца тамаддихоналарига ташриф маълумотларини жонли кузатиб борилди, аммо унда ҳақиқий буюртма ҳажми ёки пицца қаерга етказилаётгани ҳақида маълумотлар сир тутилди.
Аслида юқоридаги ноанъанавий индексларни илмий деб қабул қилиш керак эмас, уларнинг ҳеч бири олимлар ёки иқтисодчилар томонидан тасдиқланмаган. Уларнинг аксарияти илмий статистик методларга эмас, балки психологик тенденциялар, жамият хулқ-атвори ёки тасодифий корреляцияларга асосланади. Шу сабабли, бу индекслар ёрдамида аниқ иқтисодий башорат бериш қийин, бироқ бу уларнинг умуман фойдасиз эканини англатмайди. Аксинча, улар иқтисодий ҳаётдаги маълум нозик ўзгаришларни сезиш, бозор кайфиятини кузатиш ва мураккаб иқтисодий жараёнларни оммага тушунарлироқ кўринишда тақдим этишда қўл келади.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь