Петербургда бетон бошпаналар ўрнатила бошланди
Олам
−
20 Июнь 4704 2 дақиқа
Украина Қуролли кучларининг Россия нефть-газ инфратузилмасига ҳужумлари тез-тез такрорланаётган бир пайтда Санкт-Петербургнинг Кронштадт туманида бетон бошпаналар ўрнатила бошланди. Бу ҳақда туман маъмуриятига таяниб, “The Moscow Times” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бундай иншоотлар тўртта манзилда пайдо бўлади: Якор майдонида (Денгиз Никольский собори яқинида), Кронштадт шоссесидаги 16-микрорайонда жойлашган жамоат масканида, Зосимов кўчасидаги “Инчхон” хиёбони ёнида, шунингдек, Литке кўчаси ва Кронштадт шоссеси чорраҳасидаги автобус бекати яқинида. Маъмурият бошпаналар “Хавфсиз шаҳар” видеокузатув тизими қамровидаги ҳудудларга жойлаштирилишини қайд этиб, аҳолидан “чиқинди ташламасликни ва объектлардан мақсадли фойдаланишни” сўраган.
“Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, дрон ҳужуми пайтида асосий юк кўтарувчи деворларга эга бўлган бино ичида қолиш ва деразалардан узоқроқ туриш тавсия этилади. Агар дронлар ҳужуми вақтида кўчада бўлсангиз, зудлик билан энг яқин хавфсиз бинодан бошпана топишингиз керак”, дейилади туман маъмурияти баёнотида.
Бундан аввал Украина дронлари Петербург ва Ленинград вилоятидаги энергетика объектларига бир неча бор ҳужум қилган эди. Хусусан, 3 июнга ўтар кечаси уюштирилган ҳужум оқибатида Киров туманидаги “Петербург нефть терминали”да ёнғин чиққан эди. Ўшанда портлаш овозлари шаҳарнинг Адмиралтейский, Василеостровский, Приморский ва Красносельский туманларида эшитилган. Май ойининг бошида эса дрон ҳужумидан сўнг Россиядаги энг йирик заводлардан бири – “Киришинефтеоргсинтез” нефтни қайта ишлаш заводи маҳсулот ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатган.
Ушбу воқеалар фонида жорий йилнинг 18 июнь куни Москвага уруш бошланганидан бери энг йирик дронлар ҳужуми уюштирилди: шаҳар мэри Сергей Собяниннинг сўзларига кўра, пойтахтга яқинлашиш жараёнида 200 га яқин учувчисиз учиш аппарати уриб туширилган, асосий зарба эса Капотнядаги Москва нефтни қайта ишлаш заводига тўғри келган. Эртаси куни ҳам пойтахтга ҳужумлар давом этди.
Live
Барчаси