Пезешкиён Ғарбни ёлғончиликда айблади

Олам

image

Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён бугун, 22 июль куни Ғарб ва халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари ҳақидаги даъволари иккиюзламачилик ва ёлғон эканини айтди. Бу ҳақда ИРНА хабар берди.

Унинг таъкидлашича, замонавий “цивилизациялашган” дунёда ҳимоясиз одамлар, аёллар ва болалар учун сув ва озиқ-овқат таъминоти ҳамманинг кўз ўнгида кесилган, геноцид содир этилган ва шу билан бирга улар инсон ҳуқуқлари ҳақида гапиришда давом этмоқда. Айни пайтда, Ғазо ва Фаластиндан Ливан, Сурия ва Эронгача, уларнинг ўзлари халқаро меъёрларни оёқости қилмоқда ва инсониятга қарши жиноятларни амалга оширмоқда.

Пезешкиён бу баёнотларни Теҳроннинг Ваҳдат залида бўлиб ўтган сионистик режим ва АҚШга қарши 12 кунлик мудофаа урушида ҳалок бўлган маданият, санъат ва матбуот шаҳидлари хотирасига бағишланган маросимда айтган.

“Эрон гўёки ядровий бомба ясаяпти, деган баҳона билан Исроил сионистик режими ва АҚШ шифохоналаримиз ва уйларимизга зарбалар бериб, аёллар, болалар ва ҳимоясиз тинч аҳолини атайлаб нишонга олди”, деган у.

Президентнинг таъкидлашича, Эрон душманлари мамлакатни кучли ва мустақил кўришни хоҳламайди. Лекин Эрон халқи ҳеч қачон зўравонлик ва босқинчиликка бош эгмайди. Мамлакат ҳеч қачон таъзим қилмаган.

“Биз бу содиқ ва фидойи халқдан миннатдормиз”, деган у.

Пезешкиён Ғарбнинг инсон ҳуқуқлари бўйича даъволари ёлғондан бошқа нарса эмаслигини таъкидлаган.

“Бугун сионистик истило режими халқаро чегараларни бузяпти, террор уюштиряпти ва барча халқаро қонунларни оёқости қиляпти. Қандай қилиб европалик сиёсатчилар бу даҳшат ва жиноятларни кузатиб, уни оқлаб, демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳақида гапиришда давом этяпти? Бундай баёнотларни жиддий қабул қилиш мумкинми?” деган Эрон раҳбари ўз сўзида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён россиялик журналист Владимир Соловёвга “Соловёв Live” телеканалида берган интервьюсида Россия ва Эрон ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши икки давлатнинг Ғарбга муҳтож эмаслигига яққол далил бўлганини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон инсон ҳуқуқлари Ғарб Масъуд Пезешкиён Ваҳдат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг