Пикассонинг сурати сирли тарзда ғойиб бўлди

Бу қизиқ

image

Жорий йилнинг 3 октябрь куни Пабло Пикассонинг “Гитарали натюрморт” номли 1919 йилда яратилган асари Испания пойтахти Мадриддан Гранадага олиб кетилаётганда сирли тарзда ғойиб бўлди. Асар CajaGranada фондида ўтказилиши режалаштирилган кўргазмада намойиш этилиши керак бўлган. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.

Гуашь техникасида ишланган ва ўлчами атиги 12,7 х 9,8 сантиметр бўлган ушбу асар 8 октябрда очилган “Nature morte. La eternidad de lo inerte” (“Натюрморт. Ҳаракатсизликнинг абадийлиги”) номли кўргазма таркибига киритилиши керак бўлган, бироқ манзилга етиб бормаган. Полиция ҳозирча бу воқеа тасодифийми ёки олдиндан режалаштирилган ўғирликми – шуни аниқламоқда.

10 октябрь куни Испания Миллий полициясининг тарихий мерос бўйича бригадаси фонднинг шикояти асосида терговни бошлаган. Полиция маълумотларига кўра, шахсий мулк бўлган ушбу асар ҳануз топилмаган ва ҳозирча ҳеч ким ҳибсга олинмаган. Ижод намунаси санъат асарларини ташишга ихтисослашган компания томонидан Мадриддаги Пио XII проспектидаги хусусий уйдан олиб чиқилган. 25 сентябрь куни у кўргазмадаги бошқа асарлар билан бирга омборга жойлаштирилиб, Гранадага биргаликда юборилиши кутилган.

Асарларнинг “саёҳати” 2 октябрда бошланган ва 3 октябрь куни соат 10:00 да Гранададаги Маданият марказига етказилган. Бироқ “Гитарали натюрморт” уларнинг орасида бўлмаган. Ташувчилар йўл давомида Дейфонтес шаҳрида тунаб қолган ва бу терговдаги асосий нуқталардан бири. Полиция айнан шу ерда асарнинг йўқолгани ёки ўғирланганини аниқлашга уринмоқда.

Фургон фонд ҳудудига етиб борганида барча асарлар видеокузатув остида узлуксиз тарзда машинадан кўргазма залига кўчирилган. Бироқ шу жараёнда жиддий муаммо юзага келган – қадоқлар тўғри рақамланмаган, бу эса дарҳол тўлиқ текширув ўтказиш имконини бермаган.

Кўргазма менежери ва юк ташиш компанияси ходимлари тўлиқ очилиш жараёни 6 октябрь кунига белгилангани сабабли, юк ҳужжатларини олдиндан имзолашга рози бўлишган. Айнан ўша куни барча қадоқлар очилиб, асарлар жойлаштирилганда куратор Мария Торал ва кўргазма раҳбари Пикассо асарининг йўқлигини пайқаб қолган.

Фонд баёнотига кўра, дам олиш кунлари ёзилган видеокузатув тасвирларида асарларга оид ҳеч қандай ҳодиса қайд этилмаган. Полиция ҳозирда бу йўқолиш логистика жараёнидаги хато натижасими ёки олдиндан режалаштирилган санъат асарини ўғирлаш ҳолатими – шуни аниқламоқда.

Кўргазмада Хуан Грис, Рене Магритт ва Рафаэль Сабалета каби рассомларнинг хусусий тўпламлардан олинган жами 58 та асар намойиш этилмоқда. Тақдимот 2026 йилнинг 11 январигача очиқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пикассонинг 80 йилдан бери кўрилмаган сурати кимошди савдосига қўйилиши ҳақида хабар берилганди. “Гулли қалпоқли аёл бюсти” картинаси Парижда чизилган бўлиб, машҳур рассомнинг ўша пайтдаги севгилиси Дора Маарнинг портрети ҳисобланади.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Мадрид Пабло Пикассо Гитарали натюрморт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг