Покистон Ҳиндистонни сувни “қурол” қилиб олганликда айблади

Олам

image

Покистон бош вазири ўринбосари Исъҳоқ Дар 19 декабрь куни қўшни мамлакат Ҳиндистонни тўғонлардаги сувни огоҳлантиришсиз қўйиб юбориш орқали сувни “қуролга айлантириш”да айблади. Бу ҳақда ABC News хабар берди.

Билдирилишича, Деҳлининг ушбу ҳаракатлари Жаҳон банки воситачилигида имзоланган сув тақсимоти тўғрисидаги шартномани бузади ҳамда минтақадаги тинчлик ва барқарорликка рахна солади. Ушбу баёнот Покистон Ташқи ишлар вазирлиги Ченоб дарёсидан сувнинг мунтазам бўлмаган тарзда чиқарилиши бўйича Ҳиндистонга тушунтириш сўраб хат йўллаганидан бир кун ўтиб янграмоқда.

Дарнинг сўзларига кўра, Ҳиндистон Покистон қишлоқ хўжалиги циклининг энг муҳим палласида сув оқимини манипуляция қилмоқда. Бу эса мамлакатнинг озиқ-овқат ва иқтисодий хавфсизлигига, шунингдек, миллионлаб одамларнинг тирикчилигига таҳдид солмоқда.

“Бундай ноқонуний ва масъулиятсиз хатти-ҳаракатлар Покистонда гуманитар инқирозни келтириб чиқариши мумкин”, дейди Бош вазир ўринбосари.

Маълумот учун, 2025 йилнинг сентябрь ойида ҳам шунга ўхшаш ҳаракатлар Покистон шарқидаги юзлаб қишлоқларни вайрон қилган сув тошқинларини янада оғирлаштирган эди. Ўшанда Ҳиндистон томони муссон ёмғирлари сабабли юзага келиши мумкин бўлган тошқин ҳақида Покистонни огоҳлантирганини даъво қилган.

1960 йилда имзоланган “Ҳинд сув шартномаси”га кўра, Ҳиндистон Рави, Сатлеж ва Биас дарёларини назорат қилади. Покистон эса Жҳелум, Чиноб ва Ҳинд дарёлари (Кашмир орқали ўтувчи ғарбий дарёлар) устидан назорат ҳуқуқига эга.

Покистон Миллий хавфсизлик қўмитаси 2025 йил бошида сув оқимини тўхтатиш ёки йўналишини ўзгартиришга бўлган ҳар қандай уриниш “уруш ҳаракати” сифатида баҳоланиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон Ҳиндистонга қарши ракета қўшини тузмоқчилиги хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Покистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг