Покистонда террорчилар ҳарбий штабга ҳужум қилди

Олам

image

Бугун, 24 ноябрь куни худкуш-террорчи Покистоннинг ҳарбийлаштирилган кучлари штаб-квартирасини нишонга олди. Ҳужум оқибатида уч нафар ходим ҳалок бўлди, беш нафар ҳарбий яраланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маҳаллий полициянинг маълум қилишича, террорчилар Пешовар шаҳридаги Чегара қўмондонлиги штаб-квартирасига ҳужум қилган.

“Биринчи худкуш-террорчи констабулярнинг асосий кириш қисмига ҳужум уюштирди, қолганлари эса бинога кирган”, деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан юқори лавозимли амалдор.

Унинг айтишича, армия ва полиция ҳудудни ўраб олиб, вазиятни эҳтиёткорлик билан назорат қилмоқда. Расмийлар бинода яна террорчилар бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Беш ярадор, жумладан, икки ҳарбий ходим шифохонага етказилган. Уларнинг аҳволи ҳақида расмий маълумот келтирилмаган.

Маълумот ўрнида, Чегара қўмондонлиги штаб-квартираси Пешавордаги аҳоли гавжум ҳудудда жойлашган. Ҳозирда йўллар қатнов учун ёпилган, ҳудуд армия ва полиция томонидан тўсиб қўйилган. 

Ҳужум учун ҳозирча ҳеч бир гуруҳ жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Сўнгги ҳафталарда Покистон шимоли-ғарбий ҳудудларида жангарилар ҳужумларни кучайтирган. Бу жараён Покистон ва Афғонистон ўртасидаги яқинда кескинлашган чегаравий вазият ортидан кучайгани айтилади. Покистон жангарилар Афғонистонда бошпана топаётганини даъво қилмоқда, Қобул эса бу айбловни рад этади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 11 ноябрь куни Покистон пойтахти Исломободда автомобиль портлаб кетганди. Оқибатда камида 12 киши ҳалок бўлган ва бир неча киши жароҳат олганди. Ҳукумат ва полиция бу воқеани террорчилик ҳужуми деб ҳисоблагани ҳақида хабар берилганди.

Комила Қобилова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Покистон ҳарбий ҳужум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг