Польшадаги депортация марказида 2 ой қолган ўзбекистонликлар ортга қайтарилди
Жамият
−
30 Август 4233 1 дақиқа
Польшадаги депортация марказларида 2 ойдан зиёд бўлиб турган ўзбекистонликлар ортга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари ҳамда Польша Чегара хизмати мутасаддилари билан олиб борилган музокаралар натижасида ушбу давлатда ноқонуний тарзда бўлиб тургани сабабли 2 ойдан зиёд вақт давомида депортация марказида сақланиб келаётган Т.Ж., А.Б. ва К.С.ни Ўзбекистонга қайтариш юзасидан келишувга эришилди.
Бугун, 30 август куни ушбу ўзбекистонликлар Варшава-Тошкент йўналиши бўйича LO189 авиарейси орқали Ўзбекистонга қайтади.
Маълумот учун, мазкур инсонпарварлик кўмаги Ўзбекистон 30 июлдан 30 августга қадар эълон қилинган “Ватанга қайтариш” акцияси доирасида амалга оширилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркияда юқори даромадли ишга алданиб, оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаросига ёрдам берилиб, ортга қайтарилганди.
Дилбар Шоакромова