Президент Ариповга 20 нафар ҳокимга чора кўришни буюрди
Жамият
−
19 Ноябрь 10734 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳукумат раиси Абдулла Ариповга кўзбўямачилик қилаётган ҳокимларга нисбатан чора кўришни топширди. Бу ҳақда бугун, 19 ноябрь куни Президент раислигида ўтаётган камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз борган.
Йиғилишда айрим туман ҳокимлари бандлик масалаларида жиддий камчиликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилган.
Бош вазирга ишга шундай ёндашган 20 та – Яшнобод, Бухоро, Ғиждувон, Косон, Хатирчи, Қумқўрғон, Янгийўл, Ўзбекистон, Гулистон, Яккабоғ, Андижон, Паркент, Тошкент, Нуробод, Учтепа, Чортоқ, Давлатобод, Олтинкўл, Қизириқ, Когон туманлари ҳокимларига нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўриш топширилган.
Йиғилишда қайд этилишича, маҳаллаларга яхши лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштириш учун банкирлар бириктирилган. Лекин, айрим туман банкирлари давлатнинг арзон ресурсини самарасиз лойиҳаларга бериб юбораётгани танқид қилинган.
Мутасаддиларга маҳаллаларга бориб, лойиҳалар самарадорлигини ўрганиш, соҳада назорат ва интизомни кучайтириш топширилди.
Йиғилишда камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш режаларини бажаришдаги масъулиятсизлик учун йил бошидан 261 нафар масъул ишдан олингани, яна 492 нафарига интизомий жазо берилгани маълум қилинди.
“Эҳтиёжманд оилаларнинг энг оғир қатлами қолди. Бундай 400 минг оилани камбағалликдан чиқариш учун вилоят, туман ҳокимининг биринчи ўринбосарлари, бандлик, банк раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” ўзининг дунёқараши ва иш услубини ўзгартириши керак”, дейди давлат раҳбари.
Келгуси йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш мутасаддиларнинг асосий вазифаси бўлиши қайд этилди. Шунингдек, иқтисодиётга 450 триллион сўм кредит ажратилиши, 140 триллион сўми маҳалладаги кичик ва ўрта лойиҳалар учун берилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Президент ўтказаётган йиғилишда Қашқадарёнинг Чироқчи тумани ҳокими ва Сурхондарёнинг Денов тумани ҳокими ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарлари ишдан олинди.
Live
Барчаси