Президент билан учрашувда қўшиқ айтган ўқувчига машина берилди
Жамият
−
27 Февраль 44433 1 дақиқа
24 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Кўксарой” қароргоҳида ёшлар билан учрашуви чоғида жонли ижрода қўшиқ куйлаган 4-синф ўқувчисига машина совға қилганди. Ушбу машина калитлари Отамурод Райимбоевга топширилди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида Хоразмнинг Урганч тумани 11-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби 4-синф ўқувчиси Отамурод Райимбоев жонли ижрода Комилжон Отаниёзов репертуаридан қўшиқ куйлаб, ўз маҳорати билан йиғилганларда катта таассурот қолдирган. Президент эса масъулларга машина совға қилиш ҳақида топшириқ берган.

Автомобилни вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов Отамурод Райимбоевга оила аъзолари, устозлари иштирокида тантанали равишда топширган.
Эслатиб ўтамиз, ёшлар билан учрашув давомида халқаро кимё олимпиадасида ғолиб бўлган мактаб ўқувчиси Далер Раҳимов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарорига асосан 1 миллиард 40 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланганди.