Президент Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди

Жамият

image

Бугун, 1 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, Ўзбекистон халқи азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гулу райҳонлар экканини таъкидлаган.

“Ана шу эзгу қадриятлар замирида сўнгги беш йилдан буён “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиб, ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиб келинмоқда”, дейилади хабарда.

Ўтган даврда 2 минг гектардан зиёд майдонда 942 та яшил боғ ва яшил жамоат парклари, 47 та массивда “Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилган. Республиканинг тоғ, чўл ва адир ҳудудларида 256 минг гектар ўрмон ташкил қилинган. Оролнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда яшил қопламали ҳимоя ўрмонзорлари яратилган. Шамол ва қум-чанг бўронларининг зарарли таъсирини олдини олиш мақсадида 33 та туманда 60 километрли “яшил белбоғ” ҳосил қилинган.

Ўтган йили Хўжайли, Янгибозор, Ғиждувон, Балиқчи ва Оҳангарон туманларида йилига 5,5 миллион туп манзарали дарахт кўчатлари етиштириш имконини берадиган замонавий кўчатхоналар ишга туширилган. Шунингдек, чўлланишни камайтириш мақсадида Хитой тажрибаси асосида жорий йил илк бор Арнасой, Қоракўл, Муборак, Кармана ва Нукус туманидаги 50 гектар майдонда сувсизликка чидамли галофит боғлари яратилган. Таъкидланишича, бу ерда етиштирилган галофит уруғлари келгусида минглаб гектар ерларда шўрланишни камайтириш ва тупроқ унумдорлигини оширишга хизмат қилади.

Умуман, қисқа даврда республикада яшиллик даражаси 8 фоиздан 14,2 фоизга ошган. Ўтган ҳафта Президент имзолаган янги фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар мамлакатда умумий яшиллик даражасини 30 фоизга, жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудудларни 10 квадрат метрга етказиш бўйича катта марра белгиланган.

Шу мақсадда Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон”, Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этилади. Қорақалпоғистонда 1 миллион гектар, Навоий ва Бухорода 300 минг гектардан, Хоразмда 85 минг гектар чўл ҳудудида янги ўрмонзорлар яратилади. Шунингдек, вилоят ҳокимларининг ҳар бири камида 100 гектар майдонда ботаника ва дендрология боғлари, 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари ташкил қилишга масъул бўлади.

Экология ва аҳоли саломатлиги энг долзарб масалага айланиб бораётган ҳозирги шароитда ҳудудга мос дарахт турларини танлаш ва экишда Халқаро молекуляр аллергология марказининг тавсиялари ҳам муҳим аҳамият касб этиши қайд этилган.

Жорий йилдан ҳар бир ҳудудда “яшил” техникумлар фаолияти йўлга қўйилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг нафар мутахассис тайёрлаш бошланади. Ботаника ва дендрология боғлари ушбу техникум ўқувчилари учун амалиёт базасига, илмий ходимлар учун эса тадқиқот майдонига айланади.

Президент ҳудудларда яшил боғлар яратиш бўйича аҳоли ва депутатлар иштирокини янада кенгайтиришни таклиф қилган. Илгари “Менинг боғим” дастури доирасида ҳар бир лойиҳага бюджетдан 250 миллион сўмгача маблағ берилган бўлса, энди бу миқдор 400 миллион сўмга оширилади. Ҳар бир яшил боғ ва жамоат парки учун аҳоли ўзи танлаган, яшаш ҳудудларига яқин ва энг муҳими, сув таъминоти мавжуд жойлардан 1 гектаргача ер ажратилади. Бу йилги мавсумдан Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутатига ҳам ўз округида яшил ҳудуд ва яшил боғ яратиши учун 412 миллион сўмдан маблағ берилади.

Давлат раҳбари Ўзбекистон халқида “Яхшидан боғ қолади”, “Бир кўчат – минг барака”, “Фарзанд кўрсанг, тўй қилсанг, дарахт эк” деган ҳикматли сўзлар бежиз айтилмаганини таъкидлаган. Бу каби миллий қадриятларнинг аҳамияти бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётгани кўрсатиб ўтилган.

Шу муносабат билан Президент маҳалла раислари, отахон ва онахонлар, хотин-қизлар вакиллари ҳамда барча фаолларни жойларда миллий урф-одатлар, анъана ва қадриятларни янада кенгроқ тарғиб қилишга, клублар ва жамоалар ташкил этиб, ҳар бир кўча, хонадон, йўл бўйларига ниҳол ва гуллар, қир-адирларга дарахт ва буталар экишда бош бўлишга чақирган.

Пойтахтда 108 гектар майдонда Миллий дендрология боғи ташкил қилинмоқда. Бу ердаги “Яшил” университет ҳудудида “Илм – лойиҳа – амалиёт” занжири асосида барпо этилаётган “ин-витро” лабораторияси, Доривор ўсимликлар ҳамда Уруғчилик ва селекция марказлари ҳам шу йилнинг ўзида ишга туширилади.

Президент тадбирда иштирок этаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўрмонлар бўйича форуми раиси Исмоил Белен, форум Котибияти директори Жульет Биао, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик корпуси вакиллари ҳамда барча иштирокчиларга самимий миннатдорлик билдирган.

Тадбир якунида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокчилар билан биргаликда Миллий дендрология боғининг илк 5 гектар майдонида манзарали кўчатлар эккан. Бу билан бир вақтда республиканинг барча ҳудудларида 21 мингга яқин ўзбекистонлик яна 164 гектар майдонда 88 минг туп кўчат ўтқазган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Яшил макон Миллий дендрология боғи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг