Президент Транспорт вазирини танқид қилди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва “Ўзбекистон темир йўллари” раиси Зуфар Нарзуллаевнинг айрим вазифаларга лоқайдлигини кўрсатиб ўтди. Бу ҳақда у бугун, 16 июнь куни амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида сўз очди. 

Президент вазирлик ва ҳокимликлар ишидаги муаммоларни таҳлил қилди. Маълум қилинишича, ҳар бир тумандаги 40 дан зиёд ташкилотда ўртача 500 нафар ходим ишлайди. Уларнинг вилоятда идораси ҳам, бошлиғи ҳам бор. Айрим туман ташкилотлари оддий-оддий масалаларни ҳал қилиш учун вилоятдан, улар эса республикадан рухсат олиши керак. 

Масалан, Қумқўрғон марказидаги темир йўлида ҳар куни 20 марта ёпиладиган “шлагбаум” 200 метр нарига кўчирилса, 8 минг автомобиль учун тирбандлик йўқолади. Лекин, бунга на туман, на вилоят ҳокимини ваколати бор. “Ўзбекистон темир йўллари”дан рухсат олиш керак.

Ёки, “Термиз-Сариосиё” темирйўлининг ярми электрлашмагани учун электровоз 1,5 соат сарфлайдиган манзилга тепловозлар 3 соатда бораяпти. Шу боис, кўпчилик автомобилда ҳаракатланмоқда.

Қайд этилишича, туман ҳокимлари ва аҳоли таклифларини эшитиб, бу йўналишни охиригача электрга ўтказса, 10 та туманни Термиз билан хавфсиз боғлаш мумкин, лекин Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, “Ўзбекистон темир йўллари” раиси Зуфар Нарзуллаев бунга лоқайдлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, сув ва канализация хизматидан тушган маблағнинг 10 фоизи туманларда қолаётгани, лекин шунга қарамай зарур материаллар тайёр турмагани учун 2-3 соатда ҳал бўладиган авариялар 4-5 кунга чўзилаётгани қайд этилди. Қачон авария бўлса, кейин материал сотиб олинаётгани танқид қилинди.

“Туман ташкилотлари ўзини “назоратчи” деб билади, аҳоли оғирини енгил қилиш бўйича хизмат кўрсатиш йўқ!” деди Президент.

Масалан, Қумқўрғон тумани карантин бўлимида 8 нафар инспектор фақат камчилик бўйича кўрсатма, экспортга сертификат бериш билан шуғулланиши, фумигация хизматини кўрсатмаслиги айтилди. Экология бўлими ҳам фақат дарахт кесишни назорат қилиши, лекин “Яшил макон” доирасида қаерга қандай кўчат экиш, молиявий манбаси бўйича таклиф бермаслиги танқид қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Илҳом Маҳкамов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг