Путин Раҳмонга рус тилини қўллаб-қувватлагани учун раҳмат айтди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга Тожикистонда рус тилига кўрсатаётган эътибори ва қўллаб-қувватлаши учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Путин бугун, 9 октябрь куни Россия ва Тожикистон ўртасидаги музокаралар якунида матбуот учун берган баёнотида сўз очди.

“Маълумки, Тожикистонда рус тили миллатлараро мулоқот тили сифатида конституциявий мақомга эга. Республика Президенти (Имомали Раҳмон) бу масалага катта эътибор қаратаётганини биламиз ва чин дилдан миннатдорлик изҳор этамиз”, дейди у.

Путиннинг сўзларига кўра, Душанбе ва Тожикистоннинг бошқа шаҳарларидаги бешта мактабда Россия таълим дастурлари ва стандартлари асосида тахминан 5,7 минг нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. “Чет элда рус ўқитувчиси” ташаббуси доирасида ўтган йили Тожикистонга Россиядан 100 дан ортиқ педагог юборилган.

Шунингдек, Россия олий таълим муассасалари, уларнинг Тожикистондаги филиаллари ҳамда Россия-Тожикистон славян университетида жами 35 мингга яқин талаба таҳсил олаётгани қайд этилган. Путиннинг айтишича, Тожикистон МДҲ давлатлари орасида Россия томонидан ажратилган энг катта давлат стипендия квоталаридан бирини – минг ўринлик квотани олган.

Бундан ташқари, Россия кўмагида Душанбеда иқтидорли болалар учун халқаро таълим маркази ва Владимир Маяковский номидаги давлат рус драма театри янги биноси қурилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Путин давлат ташрифи билан Тожикистонга келгани ҳақида хабар берилган эди. Путиннинг сафари уч кун – 8 дан 10 октябргача давом этади. Президент ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, сафар уч қисмдан иборат: давлат ташрифи, “Россия-Марказий Осиё” саммити ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) саммити.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин рус тили Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг