Путин резиденциясига ҳужум: Киев рад этди, Москва таҳдид қилди, Трамп эса ғазабда

Олам

image

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина Россия Президенти Владимир Путиннинг Новгород вилоятидаги давлат резиденциясига 91 та учувчисиз учиш аппарати (дрон) орқали ҳужум қилишга уринганини маълум қилди. У бу ҳақда кеча, 29 декабрь куни хабар берган. 

Новгород вилоятидаги Валдай кўлида Путиннинг “Долгие Бороды” номли резиденцияси жойлашган.

Лавровнинг сўзларига кўра, ҳужум 29 декабрга ўтар кечаси содир бўлган. Барча 91 та дрон йўқ қилинган. Жабрланганлар ёки моддий зарар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Унинг айтишича, ушбу ҳужумни инобатга олган ҳолда Россиянинг музокаралардаги позицияси қайта кўриб чиқилади, бироқ Москва АҚШ билан музокаралар жараёнидан чиқиш ниятида эмас.

Шу билан бирга, Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 28 декабрь соат 23:00 дан 29 декабрь соат 7:00 гача Новгород вилояти осмонида Украина Қуролли Кучларининг 18 та дрони йўқ қилинган; 7:00 дан 9:00 гача эса яна 23 та дрон уриб туширилган. Умуман олганда, 29 декабрь тунги пайтда Россия ҳудуди устидаги осмонда 89 та украин дрони ҳаво мудофаа тизими воситалари орқали йўқ қилингани маълум қилинди.

Зеленский ҳужум ҳақидаги баёнотни ёлғон деб атади

Ҳужум ҳақидаги маълумотлар бошқа манбалар томонидан тасдиқланмаган. Украина Президенти Владимир Зеленский Лавровнинг резиденцияга ҳужум қилингани ҳақидаги баёнотини ёлғон деб атаб, буни Россиянинг Киевдаги ҳукумат кварталига зарба бериш режалари билан боғлади.

“Россияликлар бу урушни тугатишни истамайди. Қандайдир резиденция ҳужумга учради деган баёнот билан улар фақат пойтахт ва давлат биноларига зарба бериш учун замин тайёрлаяпти”, деди Зеленский журналистларга WhatsApp орқали.

Зеленский Лавровнинг баёнотини АҚШ Президенти Дональд Трамп билан ўтган музокаралар билан боғлади.

“Руслар учун биз билан Америка ўртасида жанжал бўлмаса – ҳолбуки, бизда илгарилаш бор – бу улар учун мағлубият. Чунки улар бу урушни тугатишни истамайди”, деди у.

Украина президентининг фикрича, Москва бундай баёнотлар орқали Киев ва Вашингтон ўртасидаги тинчлик музокараларида эришилган илгарилашни издан чиқаришга уринмоқда. У АҚШ Президенти Дональд Трампни Россия таҳдидларига муносиб жавоб беришга чақирди.

Украина ТИВ раҳбари: Россия кейинги ҳужумлар учун баҳона яратмоқда

Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида Россия томонининг гўёки бўлиб ўтган ҳужум ҳақидаги сўзларини “манипуляция” деб атади. Унинг таъкидлашича, бу баёнотлар “ягона мақсад билан – Россиянинг Украинага қарши кейинги ҳужумларини оқлаш ва тинчлик жараёнини издан чиқариш учун” ўйлаб чиқарилган.

“Бу одатий россияча тактика: ўзинг қилаётган ёки режалаштираётган ишда бошқани айблаш”, деди у.

Украина вазири 2025 йил бошида Россия Қуролли кучлари Украина ҳукумат биносига зарба берганини эслатди. Унинг айтишича, Украина Қуролли кучлари эса Россия ҳудудида фақат қонуний ҳарбий нишонларга зарба беради.

“Биз жаҳон ҳамжамиятини тинчлик жараёнини издан чиқаришга қаратилган Россиянинг провокацион баёнотларини қоралашга чақириб қоламиз. Украина АҚШ бошчилигида, Европа ҳамкорлари иштирокидаги тинчлик саъй-ҳаракатларига содиқ қолади”, дея хулоса қилди Сибига.

Ушаков: Трамп шокда ва ғазабда

АҚШ ва Россия Президентлари Дональд Трамп ва Владимир Путин Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокаралар мавзусида “ижобий” телефон суҳбати ўтказдилар. Бу ҳақда кеча, 29 декабрь куни Оқ уй матбуот котиби Каролайн Ливитт Х (Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Икки давлат раҳбари ўртасидаги суҳбатни Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, Трамп маслаҳатчилари билан бирга 28 декабрь куни АҚШ Президентининг Флорида штатидаги Мар-а-Лаго хусусий қароргоҳида Украина президенти Владимир Зеленский билан ўтказилган музокаралар якунлари ҳақида Путинни хабардор қилган.

Ўз навбатида, Ушаковнинг сўзларига кўра, Россия Президенти Трампга Украина томонидан Новгород вилоятидаги давлат резиденциясига дронлар орқали ҳужум қилишга уриниш бўлгани ҳақида маълум қилган. Путин ёрдамчисининг таъкидлашича, ушбу “ҳужум” Мар-а-Лаго музокараларидан сўнг дарҳол содир этилган.

“Россия раҳбари Трампга бу ҳолат жавобсиз қолмаслигини, шунингдек, шу вазиятни инобатга олган ҳолда Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларда Россия позицияси қайта кўриб чиқилишини маълум қилган”, деди Ушаков.

Путин ёрдамчисининг айтишича, Трамп Россия раҳбари билан суҳбатда Президентнинг давлат резиденциясига дронлар орқали ҳужум қилингани ҳақидаги хабардан шокка тушгани ва ғазабланганини билдирган. Шунингдек, у гўёки ҳужум уриниши муҳокамаси вақтида Оқ уй “Худога шукрки, Киевга “Томагавк” ракеталарини бермаганини” айтган.

Шу куни Исроил делегацияси билан учрашув олдидан Трамп журналистлар билан мулоқот чоғида Путин билан қўнғироқлашганини тасдиқлади.

“Бу менга ёқмаяпти. Бу ёмон. Мен бу ҳақда бугун эрталаб билдим. Бу ҳақда менга Президент Путин айтиб берди. Эрта тонгда ҳужум қилишганини айтишди. Бу ёмон. Унутманг, мен Tomahawk`нинг етказиб берилишини тўхтатдим, мен буни хоҳламадим”, деди Трамп.

АҚШ Президенти бу ҳолат “қалтис вақтда” содир бўлганини қўшимча қилди.

“Ҳозир бунинг мавриди эмасди. Улар тажовузкорлик қиляптими, бунга яраша жавоб қайтариш – бу бошқа бир масала. Аммо унинг уйига ҳужум қилиш – бу умуман бошқа масала. Ҳозир бунақа ишларнинг вақти эмас. Бундай қилмаслик керак. Мен буни Президент Путиндан эшитдим ва қаттиқ ғазабландим”, деди Трамп.

Зеленский Уиткофф билан телефон орқали суҳбатлашди

Шу куни Украина Президенти Владимир Зеленский ва АҚШ Президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф ўртасида ҳам телефон суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) котиби Рустам Умаров Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

“Асосий масала – кейинги алоқалар ва навбатдаги қадамларни мувофиқлаштириш. Иш жадал ва мазмунли олиб борилмоқда: биз деярли ҳар куни маслаҳатлашувларни давом эттиряпмиз ва ҳужжатлар банди устида ишлаяпмиз”, деб ёзди у.

Умаров, шунингдек, Европа давлатларининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан доимий алоқада эканини ва яқин келажакда навбатдаги учрашувлар ўтказиш бўйича келишувлар мавжудлигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Владимир Путин Дональд Трамп Украина Владимир Зеленский Сергей Лавров Новгород Долгие Бороды

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг