“Qonun doirasida” лойиҳаси журналистлари қўлга олинди
3-саҳифа
−
22 Январь 13825 2 дақиқа
“Qonun doirasida” лойиҳасини юритган юрист Фурқат Рўзметов ва унинг ходими Азамат Авезов қатор жиноятларни содир этганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, улар бир қатор фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қилган мурожаатлари юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида қўлга олинган.
Гумонланувчилар – 1980 йилда Урганч шаҳрида туғилган Фурқат Султонназарович Рўзметов ва 1992 йилда Урганч туманида туғилган Азамат Рўзимбоевич Авезов ва бошқаларга нисбатан Урганч шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Жумладан:
- 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (туҳмат);
- 165-моддаси 3-қисми “а,в” бандлари (товламачилик);
- 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари (фирибгарлик);
- 198-моддаси 3-қисми (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш);
- 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 3-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш);
- 229-моддаси (ўзбошимчалик);
- 244-6-моддаси 3-қисми “й” банди (ёлғон ахборот тарқатиш).
Билдирилишича, мазкур иш доирасида Фурқат Рўзметов ва Азамат Авезов эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 январь куни “Taftish.uz” сайтининг 4 нафар ходими товламачилик ва фирибгарликда гумонланиб қўлга олинган эди. Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 168-моддасида (фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, 1988 йилда туғилган Ғайрат Абераев ҳамда “Taftish.uz” Оммавий ахборот воситаси ходимлари 1992 йилда туғилган Азизжон Юлдашев, 2000 йилда туғилган Сардор Ҳамидов, 2006 йилда туғилган Маржона Эшқувватова ҳамда 1998 йилда туғилган Дилшод Нишоновлар процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда уларнинг қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) ҳамда 244-6-моддасида (ёлғон ахборот тарқатиш) кўрсатилган жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.
Шунингдек, кейинроқ Ўзбекистонда “Xalqparvar Guruhi” журналисти 4 йилга озодликдан маҳрум этилганди. У Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “г” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми, 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 1-қисми, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми “а” банди ва 244-6-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Live
Барчаси