Рафаэль Бенитес “Панатинаикос” бош мураббийи этиб тайинланди

Спорт

image

Грециянинг “Панатинаикос” жамоаси “Ливерпуль” ва “Реал Мадрид”нинг собиқ устози Рафаэль Бенитесни жамоа бош мураббийи этиб тайинлади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

65 ёшли испаниялик мутахассис Европа лигасида “Фейеноорд”дан 1:3 ҳисобида мағлуб бўлгач, истеъфога чиқарилган Кристос Контиснинг ўрнини эгаллади. Маълум бўлишича, Бенитес Афинадаги клуб билан икки йиллик шартнома имзолаган. Битимни яна бир йилга узайтириш имконияти мавжуд. Шартномага кўра, у мавсумига 4 миллион евро (тахминан 4,66 миллион доллар) маош олади. Бу Греция олий лигаси тарихидаги энг юқори кўрсаткич саналади.

Бенитес сўнгги бор Испаниянинг “Сельта” клубида фаолият олиб борган, бироқ у ўтган йил март ойида саккиз ойлик иш фаолиятидан сўнг истеъфога чиқарилган эди.

Тажрибали мураббий “Панатинаикос”ни қайта тиклаш вазифасини зиммасига олади. Грециянинг 20 карра чемпиони ҳозирда маҳаллий чемпионатда 7-ўринни эгаллаб турибди. Европа лигасида эса клуб дастлабки ғалабадан сўнг кетма-кет икки марта мағлубиятга учради.

Рафаэль Бенитес “Панатинаикос” бош мураббийи сифатидаги илк учрашувини эртага, 26 октябрь куни “Астерас Триполис”га қарши ўтказади.

Маълумот учун, Рафаэль Бенитес 2004 йилдан 2010 йилгача Англиянинг “Ливерпуль” клубида фаолият олиб борган. У бу даврда 2005 йилда Чемпионлар Лигаси ғолиблигини қўлга киритган. 2015 йилда эса Бенитес “Реал Мадрид” бош мураббийи этиб тайинланган. Бироқ у Мадрид клубини атиги ярим мавсум бошқарган ва 2016 йил бошида истеъфога чиқарилган.


Мақола муаллифи

Теглар

маош “Ливерпуль” Рафаэль Бенитес “Панатинаикос”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг