Расман! Ўзбекистонда Рамазон ҳайити қачон нишонланиши эълон қилинди
Жамият
−
18 Март 11104 2 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 20 мартга тўғри келади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг бугун, 18 март куни қабул қилинган тегишли қарорида белгиланган.
Унга кўра, жорий йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 20 март – жума кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатда 2026 йил 20 март куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ҳайитини ҳудудларда халқнинг миллий анъана ва урф-одатларига ҳамда Наврўз умумхалқ байрамига уйғун ҳолда кўтаринки рухда нишонлаш, байрам кунларида аҳоли ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган маданий-маърифий ҳамда хайрия тадбирларини ташкил этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади.
Туризм қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда аҳоли учун Рамазон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратади.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилади.
Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов зиммасига юкланади.
Эслатиб ўтамиз, байрамлар муносабати билан қуйидаги кунлар дам олинади:
- 20 март (жума) – Рамазон ҳайити куни – барча учун дам олиш куни;
- 21 март (шанба) – Наврўз байрами куни – барча учун дам олиш куни;
- 22 март (якшанба) – дам олиш куни.
- 23 март (душанба) - 5 кунлик иш ҳафтасидаги ходимлар учун дам олиш куни (ишланмайдиган байрам куни дам олиш кунига тўғри келганлиги сабабли, байрамдан кейинги иш кунига кўчирилган дам олиш куни) 6 кунлик иш ҳафтасидаги ходимлар учун иш куни.
Live
Барчаси