Робахон Маҳмудова Олий суд раиси лавозимига сайланди
Жамият
−
18 Июнь 4499 2 дақиқа
Бугун, 18 июнь куни Робахон Маҳмудова беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимига сайланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати хабар берди.
Қайд этилишича, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимига киритилган номзод кўриб чиқилган.
Масала муҳокамаси якунида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Робахон Анваровна Маҳмудовани судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимига беш йил муддатга сайлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган.
Маълумот учун, Робахон Анваровна Маҳмудова –Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгашининг раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Адолат” СДП фракцияси раҳбари. 1958 йил 9 ноябрда Фарғона вилоятининг Фарғона туманида зиёлилар оиласида туғилган. 1983 йилда Тошкент давлат университетининг “Ҳуқуқшунослик” факультетини тугатган. Меҳнат фаолияти давомида Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири, Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари — маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимларида ишлаган. 2023 йилда у “Адолат” партиясидан навбатдан ташқари президент сайловида иштирок этган ва 4,43 фоиз овоз тўплаб, давлат раҳбари этиб қайта сайланган Шавкат Мирзиёевдан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Сайловолди кампанияси ва сайловлар даврида унинг судьялик ваколатлари тўхтатиб турилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бахтиёр Жаҳонгирович Исломов муддатидан олдин Олий суд раиси лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси