Россия 30 йил аввал чўккан паромда жосуслик базасини жойлаштирган – ОАВ
Олам
−
25 Октябрь 13623 2 дақиқа
Россия 30 йил аввал Болтиқ денгизига чўкиб кетган “Эстония” пароми жойлашган ҳудудда НАТОнинг денгиздаги фаолиятини кузатиш учун махфий сувости разведка базасини яратган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Германиянинг WDR, NDR ва “Süddeutsche Zeitung” нашрлари томонидан қўшма суриштирув эълон қилинди.
Қайд этиш жоиз, “Эстония” пароми 1994 йил сентябрь ойида Таллин-Стокгольм йўналишида кетаётганида бўрон сабабли ҳалокатга учраган. Ҳодиса оқибатида 852 киши ҳалок бўлган, уларнинг айримларининг жасадлари ҳозиргача 80 метр чуқурликда, Финляндиянинг Уто оролидан 35 км узоқликда қолиб кетган. Ҳалокатдан сўнг Финляндия, Эстония ва Германия ҳукуматлари у жойга боришни қатъиян тақиқлаган.
Мазкур чекловдан фойдаланган ҳолда Россия разведка хизматлари чўккан кема ҳудудида махфий сувости ускуналарини ўрнатгани тахмин қилинмоқда. Бу қурилмалар дронлар ва сувости роботларини бошқариш, шунингдек НАТО ҳарбий кемалари ва сувости кемаларининг акустик имзоларини йиғиш учун хизмат қилган. Акустик имзо – бу ҳар бир кема двигатели ва винтига хос бўлган ноёб товуш тебраниши бўлиб, у орқали кемани аниқлаш мумкин.
Ғарб разведкалари бу операциялар ортида Россиянинг Чуқур сувости тадқиқотлари бош бошқармаси (ЧСТББ) турган деб ҳисоблайди. Мазкур тузилма бевосита Россия Мудофаа вазирлигига бўйсунади ва сувости жосуслиги, диверсия ва разведка операцияларида ихтисослашган.
ЧСТББ тасарруфида “Янтарь” номли махсус мақсадли кема, мини сувости кемалар ва роботлар мавжуд. НАТО ҳарбий-денгиз кучлари “Янтарь”ни Россиянинг энг муҳим разведка кемаларидан бири деб ҳисоблайди ва уни Болтиқ ҳамда Шимолий денгиздаги сувости кабеллари ва инфратузилма объектлари яқинида бир неча бор кузатган.
2021-2024 йиллар давомида Финляндия аварияни қайта ўрганиш мақсадида ҳалокат жойи атрофидаги ҳимоя зонасининг айрим қисмига вақтинчалик киришга рухсат берган. Шу даврда НАТО мамлакатлари бу ҳудудда Россия сувости кемаларининг фаоллиги ортганини қайд этган. Шунингдек, сўнгги йилларда Литва, Латвия, Буюк Британия ва Ирландия ҳудудларида номаълум сув ости датчиклари топилган. Улар Россияда ишлаб чиқарилган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Суриштирувда, шунингдек, Россия компаниялари кўп йиллар давомида Кипр орқали воситачилар ёрдамида илғор Ғарб технологияларини сотиб олгани, бу битимларнинг умумий қиймати 50 миллион долларга баҳолангани қайд этилган.
Live
Барчаси