Россия дронлари 200 дан ортиқ йўловчиси бор поездга ҳужум қилди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
28 Январь 9220 1 дақиқа
Кеча, 27 январь куни Россия армияси Украинанинг Харьков вилоятида йўловчи поездига “Geron” туридаги дронлар билан ҳужум қилди. Ҳужум вақтида поездда 200 дан ортиқ йўловчи бўлган. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Маҳаллий прокуратура маълумотига кўра, икки дрон поезд ёнига тушган, учинчи дрон эса тўғридан тўғри вагонга теккан. Оқибатда ёнғин келиб чиққан.
Ҳозирча камида 5 киши ҳалок бўлгани маълум. Жасад бўлаклари топилган, уларнинг шахси DNK таҳлили орқали аниқланмоқда.
Украина Президенти Владимир Зеленский бу ҳужумни “терроризм” деб атаган. Унинг айтишича, тинч аҳолига қарши бундай зарбанинг ҳеч қандай ҳарбий мақсади йўқ. Дрон теккан вагонда 18 нафар одам бўлган.
Шу кеча Россия томонидан берилган кенг кўламли зарбалар оқибатида Харьков шаҳри ва вилоятининг 80 фоизи электр таъминотисиз қолган.
Ҳозирча Россия Мудофаа вазирлиги бу ҳужум бўйича расмий изоҳ бермаган.
Маълумотларга кўра, 2025 йилдан бошлаб “Geran” дронлари ҳаракатдаги нишонларни ура оладиган бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Қуролли кучлари Одессага 50 дан ортиқ дронлар билан ҳужум қилганди. Оқибатда 22 киши яраланган, Харьков ва унинг атрофидаги ҳудуднинг қарийб 80 фоизи электрсиз қолган.