Россия қирғиз дарсликларидаги “мустамлака” атамасидан воз кечишни талаб қилди
Олам
−
19 Май 7267 3 дақиқа
Москвада Қирғизистоннинг тарих дарсликлари танқид қилинди ва республика “мустамлака” атамасидан воз кечишга чақирилди. Чунки у Россиянинг СССРдаги роли атрофида “салбий маъно (коннотация)” келтириб чиқармоқда. Бу борадаги баҳс Россия ҳарбий-тарихий жамиятида бўлиб ўтган эксперт-консультатив кенгаши йиғилишида юзага келган. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Россия Фанлар академияси (РФА) Шарқшунослик институти илмий ходими Андрей Быковнинг айтишича, қирғиз мактабларининг 8-, 9- ва 11-синф дарсликларида кўплаб “фактологик хатолар” мавжуд ва “аслида бўлмаган нарсалар кўп ёзилган”. Институт директори Аликбер Аликберов эса Россия ҳанузгача “халқлар қамоқхонаси” сифатида талқин қилинаётганидан шикоят қилган.
Совет даврига берилган баҳолардаги фарқларга алоҳида эътибор қаратилган. Россия вакиллари мамлакат ички дарсликларида “СССРнинг буюклиги акс этишини” қайд этган бўлса, қирғиз дарсликларида республиканинг Иттифоқ таркибида бўлган даврида миллий манфаатлар камситилгани ҳақида сўз боришини айтган.
РФА аъзоларининг энг катта норозилигига Россияга нисбатан “колониализм” (мустамлакачилик) атамасининг қўлланилиши сабаб бўлган. Биков бундай танловни “шунчаки модага берилиш” деб атаган ва унга бошқа муқобил сўз топишни таклиф қилган. Унинг фикрича, “колониализм” сўзи ўрнига “администрация” (маъмурият) сўзини ишлатиш мумкин – шунда тарихий воқеалар “ранги ва тусини дарҳол ўзгартиради” ҳамда салбий бўёқ йўқолади.
Бунга жавобан Қирғизистон Миллий фанлар академияси Тарих, археология ва этнология институти директори Абилабек Асанканов Россия томони “ўта мураккаб вазифа” қўйганини билдирган. У колониализм тушунчаси қарам халқларда тўлақонли мустақиллик мавжуд бўлмаган шароитда уларнинг ҳудуди, табиий бойликлари ва меҳнатидан фойдаланишни англатишини эслатиб ўтган.
“Бу атамадан воз кечишга жуда қийналамиз”, дейди Асанканов.
Шунингдек, у фожиали воқеалар атрофида сиёсий манфаатлар йўлида баҳс юритмасликка (спекуляция қилмасликка) ҳамда уларни мафкуралаштирмасликка чақирган.
Қайд этиш жоиз, Россия ҳарбий-тарихий жамияти раиси ва Россия Президенти ёрдамчиси Владимир Мединский ҳам аввалроқ Россияни “эзувчи империя” сифатида кўрсатувчи талқинларга қарши чиққан эди. У собиқ СССР республикаларини “сохта душманлар ўйлаб топишда” ва тарихни қайта ёзишда айблаган.
“Биз у ерларга маърифат, янги технологиялар, янги ижтимоий муносабатларни олиб борган ва қулликни тугатган бўлсак, бу қандай қилиб совет империализми бўлсин?” дея норозилик билдирган эди Мединский.
Бу Россиянинг қўшни давлатлардаги дарсликлар мазмунига таъсир ўтказишга уриниши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2024 йилда худди шундай эътирозлар Арманистонга нисбатан ҳам билдирилган. Россия ТИВ Арманистон тарих дарслигидаги 1826–1828 йиллардаги Рус-Эрон уруши ҳақидаги бобни танқид қилган, унда Туркманчай тинчлик шартномаси “аннексия” (босиб олиш) деб аталган.
“Россия империяси, кейинчалик СССР ва Россиянинг ҳозирги Арманистон давлати шаклланишидаги алоҳида ролини шубҳа остига қўйиш – умумэътироф этилган фактларга қарши чиқиш демакдир”, дея таъкидлаган ўшанда Россия ТИВ ва бундай дарсликнинг мактабларга тарқатилишига йўл қўймасликка чақирган.
Шунингдек, 2024 йилда РФА Ижтимоий фанлар бўйича илмий ахборот институти олимлари собиқ СССР таркибига кирган давлатларнинг тарих дарсликларида Россия асосан мустамлакачи давлат ва қўшиб олинган ҳудудлардаги халқларни эзган тажовузкор сифатида тасвирланганини “аниқлаган”. Бундай баҳолар, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон дарсликларида ҳам топилган.
Live
Барчаси