Россия Харьковга зарба берди. 7 киши ҳалок бўлди
Олам
−
07 Март 2812 2 дақиқа
Россия армияси бугун, 7 мартга ўтар кечаси 480 та дрон ва 29 та ракета билан Украина шаҳарларига ҳужум қилди. Бу ҳақда Украина Ҳаво кучлари хабар берди.
Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг маълум қилишича, Харьковнинг Киев туманидаги беш қаватли тураржой биноси ракета зарбасига учраган – оқибатда подъездлардан бири бутунлай вайрон бўлган. Унинг маълумотларига кўра, етти киши ҳалок бўлган, улар орасида икки нафар бола (9 ёшли ўғил ва 13 ёшли қиз) ҳамда 65 ёшли аёл бор. Камида 10 киши жароҳатланган, вайроналарни тозалаш ишлари давом этмоқда. Украина Бош прокуратураси Россия Харьковга ҳаво орқали учириладиган янги “Изделие 30” қанотли ракетаси билан зарба берган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Аввалроқ Россия ресурслари бу ракета Х-35У кемага қарши ракетаси асосида, ўлчамларини катталаштирган ҳолда яратилгани ҳақида ёзган.
Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати хабарига кўра, беш қаватли уйга ракета тегиши ортидан 300 квадрат метр майдонда ёнғин чиққан. Бундан ташқари, шаҳардаги еттита кўп қаватли уй, автомобиллар, лицей ва бошқа объектларга шикаст етган. Синегубовнинг қўшимча қилишича, Волчанск туманининг Землянки қишлоғида яна бир кекса эркак ҳалок бўлган. Вилоят бўйича тунги ўққа тутишлар оқибатида жами 13 киши, жумладан, уч нафар вояга етмаган бола жабрланган. Украина Президенти Владимир Зеленский РФ Қуролли кучлари комбинациялашган ҳужум давомида Киев, Хмелницкий ва Черновци вилоятларидаги энергия объектларига, Житомир вилоятидаги темирйўлга ҳам ҳужум қилганини билдирган. Шунингдек, Днепр, Запорожье, Винница, Одесса, Полтава, Суми ва Черкасси вилоятларида ҳам вайронагарчиликлар қайд этилган.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, Днепропетровск вилоятининг Никопол туманида артиллерия ўқлари оқибатида бир эркак ҳалок бўлган ва бир аёл яраланган. Корхона, 20 та кўп қаватли ва хусусий уйлар ҳамда хўжалик иншоотлари зарар кўрган. Чугуев мэри Галина Минаева шаҳар марказидаги хусусий уйга берилган зарба ва келиб чиққан ёнғин оқибатида икки киши жабрланганини маълум қилди.
“Россия Украинанинг тураржой ва критик инфратузилмасини йўқ қилишга уринишни тўхтатмади, демак [шериклардан] ёрдам давом этиши керак. PURL дастури камида ҳозиргидек фаол ишлаши лозим. Одамларимиз учун кўпроқ ҳимояни кафолатлаш мақсадида Европа Иттифоқи билан фаол ҳамкорликка умид қиламиз”, деб ёзди Зеленский.
УҚК маълумотларига кўра, тунги ҳужум давомида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 19 та ракетани (шу жумладан, 8 та “Искандер-М/С-400” ва 11 та “Калибр”) ҳамда турли типидаги 453 та дронни уриб туширган.
Live
Барчаси