Санъат ва сиёсат тўқнашганда: Россиянинг Венециядаги иштироки баҳс уйғотди
Олам
−
07 Март 3978 1 дақиқа
Россиянинг 2026 йилда “Венеция биенналеси” халқаро санъат кўргазмасида иштирок этиши ҳақидаги қарор Европа сиёсатчилари ва маданият вакиллари орасида кескин баҳсларга сабаб бўлган. Украинага қарши уруш бошланганидан бери Москва мазкур нуфузли маданий тадбирда қатнашмаётган эди. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Италия ҳукумати РФ иштирокини қўллаб-қувватламаслигини билдирган. Литва Ташқи ишлар вазири бу қарорни “қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат” деб атаган. Европа парламенти депутатлари ҳам ташкилотчиларга мурожаат қилиб, бундай қадам агрессор давлатни маданий майдон орқали “оқлаш” хавфини туғдиришини таъкидлаган.
2022 йилда Украинадаги уруш бошланганидан кейин биеннале Россия ҳукуматига боғлиқ шахсларни тадбирдан четлатган, аммо мамлакат иштирокини расман тақиқламаган. Шундан кейин Москва кўргазмада қатнашмаган ва 2024 йилда ўз павильонини Боливияга ижарага берган.
2026 йилги кўргазма 9 майдан 22 ноябргача ўтказилади. Рус павильонида “Осмонда илдиз отган дарахт” номли санъат лойиҳаси намойиш этилиши режалаштирилган. Лойиҳада турли мамлакатлардан 38 нафар ёш мусиқачи, шоир ва файласуф иштирок этади.
Бироқ танқидчилар фикрича, Россиянинг бу тадбирга киритилиши сиёсий жиҳатдан баҳсли қарор бўлиб, Москва халқаро маданий майдонга қайта қабул қилинаётгани ҳақида сигнал сифатида талқин қилиниши мумкин.
Live
Барчаси