Россия Ўзбекистондан олган нотага муносабат билдирди

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Россияда бўлиб турган меҳнат мигрантларига нисбатан куч ишлатар тузилмалар томонидан қилинаётган қўпол, инсон ҳуқуқларига зид ҳаракатлар юзасидан нота юбориб, ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраганди. Россия томони Ўзбекистондан қабул қилинган нотадаги маълумотларни диққат билан кўриб чиқмоқда ва мамлакат расмийларининг тегишли сўрови ваколатли органларга етказилмоқда. Олинган объектив маълумотлар белгиланган тартибда Тошкентга узатилади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.

“Ўзбекистон элчихонасидан нота олинганлиги муносабати билан ундаги маълумотларни синчковлик билан ўрганмоқдамиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа хизматлар орқали бизда бевосита алоқа каналлари мавжудлигини қайд этмоқчиман. Иттифоқчилар ўртасида одат бўлганидек, суҳбат очиқ ва ҳар қандай сигнал диққат билан кўриб чиқилади. Ўзбекистон томонининг юқорида қайд этилган мурожаати ваколатли органларга етказилади. Қабул қилинган объектив маълумотлар белгиланган тартибда шерикларга ўтказилади”, деди Захарова.

Шунингдек, Россия ТИВ вакили Тошкент ва Москва мустаҳкам иттифоқчилик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларига эга эканини, икки томонлама муносабатларнинг барча масалаларига шу нуқтаи назардан ёндашилаётганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий ҳафта бошида ижтимоий тармоқларда Россия пойтахти Москвадаги Мудофаа вазирлиги муассасаларидан бирида хавфсизлик кучлари мигрантларга қарши рейд ўтказгани видеоси тарқалди. Ҳолат жорий йилнинг 8 июнь куни куни содир бўлган. Видеода куч ишлатар тузилмалар ходимлари мигрантларни уриб, тепиб, ҳақоратлаб, бинодан ҳайдаб чиқараётганини кўриш мумкин.

Мазкур вазиятга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси ҳам муносабат билдирди. Ваколатхонага кўра, Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Россия Федерациясининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан расмий маълумот кутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Москва шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси ушбу масалани назоратга олган.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа мазкур вазиятга изоҳ берар экан, аҳолиси йилига қарийб 1 миллионга ортаётган Ўзбекистон ишчи кучини бошқа мамлакатларга йўналтиришга мажбурлигини айтган, аммо, шундай бўлса-да, Россияга бориш ўрнига бошқа йўлни танлашни тавсия қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг