Россияда “душман” мамлакатларнинг таомларига солиқ солиниши мумкин
Олам
−
17 Июль 7671 2 дақиқа
“Россия коммунистлари” партияси Россия Бош вазири Михаил Мишустинга Россияга “душман” мамлакатлар таомларини таклиф қилувчи умумий овқатланиш корхоналарига солиқ жорий этишни таклиф қилмоқчи. Бу ҳақда партия раиси Сергей Малинкович кеча, 16 июль куни “Абзац” нашрида чоп этилган интервюсида айтиб ўтди.
“Россияга душман бўлган мамлакатлар ошхонасини тарғиб қилиш нотўғри. Ахир бу давлатлар рус ресторанларини ривожлантиришга ёрдам бермайди ва уларда (рус ресторанлари) деярли йўқ”, деб ҳисоблайди Малинкович.
Унга кўра, биринчи бўлиб италян, француз, жанубий корея, япон, испан ва немис таомлари сотиладиган ресторанлар “обрўсизланади”.
“Масалан, Франция, Германия, Италия бизга фаол қаршилик кўрсатмоқда. Япония узоқ вақтдан бери бизнинг ҳудудларимизни қўлга киритмоқчи эди. Шунинг учун бу мамлакатлардан келадиган таомлар учун 12 фоиз қўшимча солиқ бўлиши керак. Қолганлари учун биз 10 фоиздан бошлашимиз мумкин”, деб ҳисоблайди сиёсатчи.
Оммавий ахборот воситалари, бу, масалан, суши ва пицца ресторанларига таъсир қилади, деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, Малинкович Россиянинг сўнгги ойларда муносабатлари ёмонлашган Туркия ва Озарбайжон ошхонасига эга муассасаларга эътибор қаратишга чақиради. Аммо у Россиянинг “дўстлари” бўлган мамлакатлар ошхонасига “тегмасликни” тавсия қилади. “Коммунистик Россия” партияси раҳбарига кўра, булар Беларусь, Лотин Америкаси давлатлари, Вьетнам, Ўзбекистон, Шимолий Корея, шунингдек, араб давлатларини ўз ичига олади.
Москва дўстона эмас деб ҳисоблаган давлатлар рўйхатига ҳозирда 49 та давлат киритилган. Улар орасида, хусусан, Европа Иттифоқи мамлакатлари (Словакия ва Венгриядан ташқари), шунингдек, АҚШ, Япония, Буюк Британия, Австралия, Украина, Швейцария ва Черногория бор.
Маълумот учун, июль ойи бошида Россия Давлат думасининг туризм ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш қўмитаси раиси Сангажи Тарбаев россияликлар учун хорижга саёҳат уюштирувчи туроператорлар учун солиқ жорий этишни таклиф қилган. Унинг фикрича, бу мамлакат ичидаги туризм саноати ва инфратузилмасини қўллаб-қувватлаши мумкин. Сиёсатчи “тўлов жисмоний шахслар учун эмас, балки юридик шахслар, яъни фаолият билан шуғулланувчи туроператорлар учун жорий этилиши керак”, деб ишонтирди. Шу билан бирга, Тарбаев ўзининг дастлабки баҳолашида ҳам, агар ташаббус қабул қилинса, россияликлар учун чет элга саёҳат камида 200-300 рублга қимматлашишини тан олди.
Live
Барчаси