Россияда IELTS топширганлар 5 йилгача қамалиши мумкин

Олам

image

Россия Бош прокуратураси Буюк Британиянинг халқаро маданий алоқалар ва таълим имкониятлари билан шуғулланувчи ташкилоти – The British Council (Британия кенгаши)ни Россияда номақбул ташкилот деб эълон қилгани сабаб, мамлакатда инглиз тилидан IELTS имтиҳонини топшириш жиноий таъқибга сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.

Қайд этилишича, назорат органи бу ташкилотни “таълим ва маданият билан ниқобланган ҳолда” Британиянинг узоқ муддатли манфаатлари ва қадриятларини илгари суришда айблаган.

Ўз навбатида, Россия Федерал хавфсизлик хизмати ҳам фуқароларни The British Council ва 2021 йилда “тақиқланган” деб тан олинган Oxford Russia Fund хорижий ташкилотлар фаолиятида иштирок этмасликка чақирган.

“Бундай ҳамкорлик Россия Федерациясининг маъмурий ёки жиноий жавобгарлигига сабаб бўлади”, дейилади хабарда.

Халқаро юрист Артем Клиганинг таъкидлашича, IELTS имтиҳони ҳатто чет элда топширилган тақдирда ҳам “тақиқланган ташкилотни молиялаштириш” деб баҳоланиши мумкин ва буни амалга оширганлар 5 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

The British Council 2018 йилда собиқ агент Сергей Скрипалнинг Британияда заҳарланиши билан боғлиқ жосуслик можароси сабабли Россияни тарк этган эди. 2022 йил 10 мартдан бошлаб, Украина уруши бошланганидан сўнг, Россияда IELTS топшириш имконияти тўхтатилган.

Шунга қарамай, Россия фуқаролари Қозоғистон, БАА, Грузия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Арманистон, Сербия ва Туркия каби давлатларда IELTS имтиҳонини топширишда давом этмоқда. IELTS сертификати чет элда ўқиш ва ишлаш учун талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия Россия ва Хитойни асосий хавф туғдирадиган мамлакатлар рўйхатига киритганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Буюк Британия IELTS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг