Россияда нефть омбори портлади. Бир нечта аэропортлар вақтинчалик ёпилди
Олам
−
10 Январь 12303 1 дақиқа
Бугун, 10 январь куни Россиянинг Волгоград вилоятидаги нефть омбори ёниб кетди. Ёнғинга сабаб Украина томонидан учирилган дронлар эканлиги айтилмоқда. Аҳолини дрон ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида қишлоқдаги мактабларнинг бирида вақтинчалик бошпана ташкил этилган. Бу ҳақда ”РИА Новости” хабар берди.
Қайд этилишича, 10 январга ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари Россиянинг бир нечта минтақаларига дрон ҳужумларини уюштирган. Маҳаллий амалдор Андрей Бочаровнинг сўзларига кўра, Волгоград вилоятида дрон қолдиқлари тушиб кетганидан кейин нефть омбори ёниб кетган. Қурбонлар ҳақида дастлабки маълумотлар йўқ.
Аҳолини эвакуация қилиш зарур бўлган тақдирда, Октябрьский қишлоғидаги мактабда вақтинчалик бошпана ташкил этилган.
Дрон ҳужумларидан сўнг Россиядаги Волгоград, Геленжик, Краснодар ва Чебоксари аэропортларида кириш ва чиқиш рейсларига чекловлар қўйилган. Шунингдек, Москванинг Домодедово ва Жуковский аэропортлари ҳам 10 январга ўтар кечаси фаолиятини тўхтатган.
Россия Мудофаа вазирлигига кўра, 10 январга ўтар кечаси Россия ҳудудлари ва босиб олинган Қрим устида жами 59 та учувчисиз учиш аппарати йўқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Украинага “Орешник” билан зарба бергани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси