Россиялик аёл ўзбекистонлик мигрантни ўлдириб, дарахт остига кўмиб қўйди

Олам

image

Россиянинг Владимир вилоятида 54 ёшли ўзбекистонлик мигрант таниши томонидан шафқатсизларча ўлдирилди. Бу ҳақда “Зебра ТВ” хабар берди.

Ҳудудий тергов қўмитаси маълумотига кўра, фожиа Петушино туманидаги “Старое Перепечино” қишлоғида юз берган. Ноябрь ойида марҳумнинг қариндоши унинг бедарак йўқолгани ҳақида полицияга мурожаат қилган. Аниқланишича, 16 ноябрь куни ўша эркак 48 ёшли маҳаллий аёлнинг уйига борган.

Тергов версиясига кўра, улар спиртли ичимлик истеъмол қилгач, ўртада жанжал чиққан. Аёл эркакни итарган, у полга йиқилганида эса уни арқон билан бўғиб ўлдирган. Аёл жиноят изларини яшириш учун жасадни ҳовлисидаги олма дарахти остига кўмиб қўйган.

Маълумотларга кўра, ўлдирилган эркак Россияда узоқ йиллар яшаб, Покровдаги темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонада ишлаган. Манбаларнинг айтишича, улар ўртасидаги келишмовчилик пул сабабли чиққан: эркак аёлнинг ундан аввал олган қарзини талаб қилган, аёл эса яна пул сўраган. Жиноятдан сўнг гумондор аёл унинг телефони ва банк картасини ҳам ўзлаштирган.

Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида далилий ашё топилган. Шунингдек, аёлнинг аввал ҳам наркотиклар билан боғлиқ жиноятлар учун судлангани аниқланган. Тергов уни тергов якунига қадар қамоққа олиш бўйича судга мурожаат қилмоқчи. Ҳозирда зарур экспертизалар ва бошқа тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг ўзбекистонликлар энг кўп истиқомат қиладиган мегаполисларидан бири Истанбулнинг Фотиҳ туманида Ўзбекистон фуқароси бўлган 36 ёшли Зулайҳо Э. бўғзидан пичоқланиб, ўлдириб кетилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант Владимир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг