Рубионинг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси тайинланди
Олам
−
24 Октябрь 2748 2 дақиқа
Пол Капур расмий равишда АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси лавозимини эгаллади. Расмий қасамёд маросими кеча, 23 октябрь куни эрталаб бўлиб ўтган. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Капур илгари Гувер институтининг илмий ходими сифатида фаолият юритган, АҚШ Давлат департаментининг сиёсий режалаштириш бўлимида ишлаган ҳамда Клермонт-Маккенна коллежида дарс берган.
Капур “Хавфли тийиб туриш: ядро қуролларининг тарқалиши ва Жанубий Осиёдаги можаролар” китобининг муаллифи, “Ҳиндистон, Покистон ва бомба: Жанубий Осиёда ядро барқарорлиги муҳокамаси” асарининг ҳаммуаллифи ҳамда “Ядро хавфсизлиги муаммолари: АҚШ ва Ҳиндистон нуқтаи назарлари” китобининг ҳаммуҳаррири ҳисобланади.
Унинг ишлари етакчи илмий журналларда ва турли тўпламларда чоп этилган. Капур АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳар йили ўтказиладиган “трак 1.5 ” стратегик мулоқотига, шунингдек, АҚШ Уруш вазирлиги топшириғи билан ўтказилган Америка-Ҳиндистон тадбирларига раҳбарлик қилган.
Пол Капур ушбу лавозимда 2021 йил сентябридан 2025 йил январигача ишлаган Дональд Лунинг ўрнини эгаллади. Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюро АҚШнинг ташқи сиёсати ҳамда мамлакатнинг Ўзбекистон, Афғонистон, Бангладеш, Бутан, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Малдив ороллари, Непал, Покистон, Шри-Ланка, Тожикистон ва Туркманистон билан алоқаларига масъул.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Конгресси аъзолари Сидни Камлагер-Дав ва Билл Хёйзенга Президент Дональд Трампга дипломатик форумнинг 10 йиллиги муносабати билан Вашингтонда С5+1 саммитини ўтказишга чақириб, мактуб йўллагани ҳақида хабар берилган эди. 2015 йилда ташкил этилган С5+1 форуми АҚШнинг Марказий Осиёнинг бешта давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлиги учун кўп томонлама платформа ҳисобланади. Америка Қўшма Штатлари ташкил этилганидан бери ҳар йили унинг йиғилишларида қатнашади.
Live
Барчаси