Садир Жапаров Ўзбекистонга доимо ўзгача туйғу билан келишини айтди (видео)

Жамият

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашувида иштирок этди. У ўз нутқида самимий қабул ва меҳмондўстлик учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдириб, Самарқанд шаҳрида UNESCO Бош Ассамблеясининг 43-сессияси муваффақиятли ўтгани билан табриклади.

“Аввало, Ўзбекистон Президенти, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевга анъанавий самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдираман. Биз Марказий Осиёнинг чинакам ҳамжиҳатлиги муҳити сезилаётган қардош Ўзбекистонга доимо ўзгача туйғу билан келамиз”, деди Жапаров.

Қирғизистон раҳбари минтақада иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Унинг маълум қилишича, Марказий Осиё давлатларидан Қирғизистонга ўтган йили тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 15 фоизга ошиб, 135 миллион долларга етган. Охирги уч йилда Қирғизистоннинг минтақа билан товар айирбошлаш ҳажми 28 фоизга ошиб, жорий йилнинг январь-август ойларида 1,7 миллиард долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга ошган.

Садир Жапаров транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратди. У “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темирйўли қурилишининг стратегик аҳамиятини таъкидлади, унинг айтишича, бу янги транспорт артериясини яратиб, логистика йўналишларини қисқартиради, Осиё ва Европанинг йирик бозорларига йўл очади. Шу нуқтаи назардан, у “Зангезур йўлаги” лойиҳаси темирйўлнинг мантиқий ва стратегик давоми бўлишини, минтақавий транспорт алоқаларини мустаҳкамлашини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун Илҳом Алиев амалий ташриф билан Тошкентга келгани ва Шавкат Мирзиёев билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ҳам Тошкентга келган ва Шавкат Мирзиёев билан учрашув ва музокаралар ўтказганди. Улар Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди ва “Келажак мероси” халқаро мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросимида иштирок этди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан бугун, 16 ноябрь куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов давлат ташрифи билан Тошкентга келди

Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида бир қатор ташаббусларни илгари сурди


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон UNESCO Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг