Саида Мирзиёева Қорақалпоғистонга борди
Жамият
−
07 Октябрь 7360 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қорақалпоғистонда ўтказилаётган умуммиллий “Саломатлик марафони”га борди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Унга кўра, марафон доирасида Нукус шаҳридаги 12 та оилавий поликлиника ва 3 та жамоат масканида аҳоли диагностикадан ўтказилмоқда. Шунингдек, беморларни йўналтириш ва рақамлаштириш тизими жорий этилмоқда.
“Шифокорларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари ва AI TOP-3 CDSS, MuxlisaMED AI, AI Mammo сингари сунъий интеллект ечимлари жорий этилиши натижасида янада тезкор ва аниқ тиббий ёрдам кўрсатиш имкони яратилмоқда”, дейилади хабарда.
Мирзиёеванинг қўшимча қилишича, марафон доирасидаги тўрт кун ичида қарийб 12 минг фуқаро кўрикдан ўтган, шулардан 1 700 дан ортиғи чуқур текширувлардан ўтказилган, 116 нафари эса даволанишга йўналтирилган.

“Қорақалпоғистон тиббиёт институти болалар жарроҳлиги бўлимида мураккаб операцияларни бошдан кечирган кичик беморлар билан учрашиб, суҳбатлашдик. Уларнинг матонати ва самимий табассумлари беихтиёр ҳар биримизни таъсирлантирди”, дея қўшимча қилади Президент Администрацияси раҳбари.
Мирзиёеванинг таъкидлашича, ҳудудда иккита янги лойиҳа ишга туширилган – рақамли оилавий паспортни жорий этишга асосланган “Оилавий саломатлик мактаби” ҳамда ёшлар кўмагида аҳоли тиббий саводхонлигини оширишни кўзда тутувчи “Саломатлик волонтёрлари”.
“Соғлиқни сақлашни замон талабларига мос ҳамда ҳар бир инсон учун қулай ва фойдали тизимга айлантиришни мақсад қилган “Тиббиёт новаторлари” жамоасидаги ёш мутахассисларга миннатдорлик билдираман. Миллат саломатлиги – бу барчамиз елкама-елка босиб ўтадиган умумий йўлимиз ва масъулиятимиздир”, дея ўз постини якунлаган Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироатхон Мирзиёева Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори, доктор Тедрос Аданом Гебреисус билан учрашув ўтказганди.
Live
Барчаси