Саида Мирзиёева куч тузилмалари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди

Жамият

image

Бугун, 28 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Президент Администрациясида куч тузилмалари раҳбарлари билан ишчи йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.

Йиғилишда наркожиноятчилик, жиноий гуруҳлар ва ноқонуний қурол-яроғ айланмасига қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирилган самарали тизимни қисқа муддатда яратиш вазифаси қўйилган.

Саида Мирзиёева жамиятда, биринчи навбатда ёшлар орасида гиёҳванд моддаларнинг тарқалишига йўл қўймаслик, ёш авлодни гиёҳвандлик балосидан асраш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш давлатнинг бевосита бурчи эканини таъкидлаган.  Бу йўналишдаги ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларга қатъий равишда чек қўйилиши шарт экани айтилган.

“Қатъий ва доимий назоратни талаб қиладиган яна бир муҳим масала – гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш”, дейди Мирзиёева.

 

Маълумот учун, Ўзбекистонда наркожиноятлар йил сайин ортиб бормоқда. 2020 йилда 6032 та ҳолат қайд этилган бўлса, 2024 йилгача бу рақам 2 баравардан ортиққа ошиб, 12278 тани ташкил этган. Уларнинг 3167 таси ёшлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Яъни, ҳар учинчи наркожиноятчи 30 ёшгача бўлган ёшлар экани айтилмоқда. Қолаверса, бундан беш йил аввал наркожиноятларда аёллар улуши атиги бир неча фоизни ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони уч баробарга кўпайган.

2025 йил 3 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–207-сон фармони қабул қилинган бўлиб, унда наркожиноят содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилмаслик ёки жазосини енгилроғи билан алмаштирмаслик тартиби жорий этилиши ҳамда наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилиш, наркожиноий уюшма ёки ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш учун жиноий жавобгарлик ва ушбу жиноятларни содир этган шахслар 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Администрация ҳамда алоқадор идоралар раҳбарияти иштирокида Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева жиноий гуруҳлар наркожиноятчилик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг