Саида Мирзиёева Трампнинг махсус вакили билан учрашди
Жамият
−
27 Октябрь 6937 3 дақиқа
Бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ва Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау бошчилигидаги Америка делегацияси билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг Telegram саҳифасида ёзди.
Унинг ёзишича, АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали вакиллари Ўзбекистонда кейинги 8 йил давомида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шиддати ва жадал суръатини қайд этган.

“Биз мамлакатларимиз ўртасида савдо соҳасида очилаётган имкониятларга алоҳида эътибор қаратдик. Жамоат хавфсизлиги борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашдик”, ёзади у.
Администрация раҳбарига кўра, бундай учрашувлар томонларнинг салоҳиятини яхшироқ тушуниш ва рўёбга чиқариш имконини беради.

Учрашувда Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари, ҳозирда Президент Администрацияси раҳбарининг жамоатчилик асосида мустақил маслаҳатчиси бўлган Комил Алламжонов ҳам кўриниш берган.

Шунингдек, унда Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов иштирок этган.
Ўзбекистонга келгач, Сержио Гор ва Кристофер Ландау 25 октябрь куни АҚШ компаниялари билан ўзаро фаровонликни юксалтиришнинг кўплаб имкониятлари ҳақида суҳбатлашди. 6 октябрь куни эса улар Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти билан танишган. Элчихона эълон қилган расмлардан АҚШ расмийлари Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва “Чорсу” бозорига борганини кўриш мумкин. Уларга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник ҳамроҳлик қилган.
27 октябрь куни эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Гор билан учрашди. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам у билан учрашув ўтказди. Учрашув сўнггида Гор Ўзбекистон етакчисига Трамп номидан юборилган бир қатор совғаларни топширди.
Маълумот учун, Сержио Гор 1986 йил 30 ноябрда Тошкентда туғилган ва кейинчалик АҚШда таълим олган. У сиёсий фаолиятини республикачилар партияси доирасида олиб борган, Дональд Трамп жамоасида турли лавозимларда ишлаган ва унинг энг яқин сафдошларидан бири сифатида танилган. Гор Оқ уйда Президент Кадрлар бошқармаси директори сифатида фаолият юритган, шунингдек, сиёсий кампанияларда ҳам фаол қатнашган. 2025 йил 22 август куни Дональд Трамп уни Ҳиндистондаги элчи лавозимига номзод қилиб кўрсатган. Ҳозирда у Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакил сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси тадбирлари доирасида ўзи учун ажратилган қароргоҳда АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилганди.
Live
Барчаси