Саидов “Марказий Осиё – Буюк Британия” вазирлар учрашувида иштирок этди
Жамият
−
27 Февраль 1990 2 дақиқа
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Лондонда Буюк Британия ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича Давлат котиби Иветт Купер бошчилигида ўтказилган “Марказий Осиё – Буюк Британия” форматидаги биринчи вазирлар мулоқотида иштирок этди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, мазкур мулоқот минтақанинг иқтисодий ривожланиш устувор йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашиш, шунингдек, Буюк Британия билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш учун долзарб ва мазмунли платформа бўлиб хизмат қилган.
Савдо диверсификацияси, саноат кооперацияси, барқарор инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, Марказий Осиёнинг стратегик хомашё ресурслари ва қайта тикланувчи энергия соҳасидаги салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Қолаверса, Саидов Лондонда шаҳзода Эдвард билан учрашган.
Учрашув Буюк Британияда таҳсил олаётган Марказий Осиё минтақаси талабалари билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаш ҳамда ёшлар алмашинуви, академик мобиллик ва халқлар ўртасидаги алоқаларни янада қўллаб-қувватлаш йўлларини муҳокама қилиш учун муҳим имконият бўлган.

Буюк Британиянинг ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича Давлат котиби Иветт Купер билан ҳам стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқиш бўйича самарали ва мазмунли музокаралар олиб борилган.
“Муҳокамаларимиз савдо ва инвестициялар, инфратузилмани барқарор ривожлантириш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва минтақавий боғлиқликни ўз ичига олган устувор йўналишларда икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга қаратилди”, дейилади хабарда.
Учрашув давомида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, “яшил” молиялаштириш воситаларидан самарали фойдаланиш, таълим ва академик алмашинувларни кенгайтириш орқали амалий натижаларга йўналтирилган англашув меморандумларини имзоланган.