Самарқандда ноёб экспонатлар мультимедиа шаклида намойиш этилмоқда
Жамият
−
31 Октябрь 3823 1 дақиқа
Самарқандда Амир Темур ва Мирзо Улуғбек мероси мультимедиа форматида намойиш этилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Президенти Администрацияси раҳбарининг сўзларига кўра, кенг кўламли реставрация ва экспозицияларни янгилаш ишларидан сўнг Самарқанднинг машҳур обидалари – Амир Темур мақбараси, Регистон майдонидаги Улуғбек ва Тиллакори мадрасалари ўз даврининг асл руҳи ва тароватини сақлаган ҳолда, янгича қиёфа касб этган.
“Мирзо Улуғбек қўлёзмаларидан тортиб Амир Темур тарихи билан боғлиқ архив ҳужжатларигача бўлган юзлаб ноёб экспонатлар энди мультимедиа шаклида ҳам намойиш этилмоқда”, деган Мирзиёева.
Саида Мирзиёеванинг қўшимча қилишича, UNESCO Бош конференцияси 43-сессияси меҳмонлари яқин кунларда Ўзбекистоннинг қадимий пойтахти бой хазиналарига муносиб баҳо бериш имконига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев UNESCO Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этиш учун кеча, 30 октябрь куни Самарқандга борганди ҳамда Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиб, у ерда дарахт экканди.
Live
Барчаси