Самарқандда UNESCO конференцияси бошланмоқда. У Ўзбекистонга қандай фойда беради?
Таҳлил
−
29 Октябрь 6759 7 дақиқа
30 октябрда Самарқандда муҳим глобал тадбир – UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси бошланади. Ҳозир биз бўлиб турган Конгресс марказида табирга тайёргарлик ишлари авжида. Аммо айримларда UNESCO ўзи қандай ташкилот, у нима қилади ва унинг конференцияси Самарқандда ўтиши Ўзбекистонга қандай фойда беради, деган саволлар бор. Бугун шу саволларга жавоб топиб кўрамиз.
UNESCO бу – Бирлашган Миллатлар ташкилотининг маориф, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти бўлиб, давлатлар ўртасида таълим, маданий ва коммуникация соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш йўли билан тинчликка ва халқаро хавфсизликка кўмаклашиш мақсадида 1945 йил 16 ноябрда тузилган.
UNESCO бугунги кунда 190 дан ортиқ мамлакатларни бирлаштирган глобал тармоқдир. У таълим, илм-фан, маданият, ахборот эркинлиги ва инсоният меросини сақлаш йўналишида фаолият юритади. Ташкилотнинг энг машҳур лойиҳаси – “Жаҳон маданий ва табиий мероси рўйхати” бўлиб, бу рўйхатга инсоният яратган энг нодир ёдгорликлар киритилади. Шунингдек, “Номоддий маданий мерос”, “Биосфера қўриқхоналар тармоғи” ва “Дунё хотираси” дастурлари орқали ҳам у глобал маданий хилма-хилликни ҳимоя қилиб келмоқда.
Айни фаолияти давомида ташкилот баъзи танқидларга ҳам учраган. Хусусан, UNESCO’нинг айрим инқирозли вазиятлардаги ҳаракатсизлиги қораланган, Хўш ташкилот бундай танқидларга қандай муносабат билдиради. Биз шу тўғрисида UNESCO’нинг Коммуникациялар бўйича директори Мэтью Гавель билан суҳбатлашдик.
“Кўп томонлама ҳаракатлар, ҳамкорлик ва умуман кўп томонламалик қаттиқ танқид остида экани сир эмас. Бу маълум маънода нормал ҳолат, чунки биз директор сифатида қилаётган ишимиз жуда мураккаб ва нима иш бераётгани ҳақида гапириш ўрнига, нима иш бермаслигини кўрсатиш ёки намойиш қилиш осонроқ. Биз кўп томонлама ҳаракатлар иш бераётганини кўрсатиш учун ҳам шу ердамиз.
UNESCO эски Мосул шаҳрининг марказини тўлиқ қайта қурди. У 2017 йилда ИШИД томонидан бутунлай вайрон қилинган. Ҳозир у тўлиқ қайта қурилди. Ал-Адба минораси, Ан-Нури масжиди, бутун черковлар, эски Мосул шаҳрининг 125 та тарихий манзили Европа Иттифоқи ва Бирлашган Араб Амирликлари кўмагида UNESCO билан биргаликда тўлиқ қайта қурилди.
UNESCO сунъий интеллект этикаси бўйича тавсия сифатида биринчи ва шу кунгача ягона глобал ҳужжатни қабул қилган агентликдир. У бошқа ҳеч қаерда мавжуд эмас. UNESCO уни 2021 йилда қабул қилди ва у бугунги кунда ҳам сунъий интеллект билан нима қилиш кераклигини тушуниш учун ҳукуматлар ҳаракатларига йўналтирувчи маълумотнома ҳужжати ҳисобланади. Бугунги кунга қадар дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатлари сунъий интеллект сиёсатини яхшироқ тушуниш ва яхшироқ олиб бориш учун UNESCO’нинг кўрсатмалари ва ҳаракатларига амал қилмоқда.
Бир неча кундан сўнг, келаси ҳафтада биз нейротехнология этикаси бўйича биринчи инструментни қабул қилиш арафасидамиз.
Миянинг, шундай айтганда, компьютерлар ва экранлар билан “мулоқот” қилиши қандай амалга ошади? Биз миянинг имкониятларини касалликларни даволашга ёрдам бериш учунми, ёки инсон деб атайдиган мавжудотнинг чегараларини кенгайтириш учунми — яхшилашимиз керакми? Буларнинг барчаси UNESCO’да содир бўлади. Бизда юзлаб бундай мисоллар бор. Бу мисолларнинг барчаси кўп томонлама ҳаракатлар самарали эканининг исботи, намойишидир.
Тўлиқ тушунаманки, баъзан нима иш бермаслиги ва қандай қийинчиликлар борлиги ҳақида гапириш осонроқ ва бу баъзан кўпроқ иштиёқ, жумладан, кўпроқ кескинлик келтириб чиқаради. Лекин биз буни шунинг учун иш деб атаймиз. Бу тинчликни ўрнатиш, уни аста-секин қуриш ишидир.
Агар гап бу осон эмаслигини айтиш ҳақида бўлса, мен бунга чин дилдан қўшиламан. Бу осон эмас, лекин БМТ шу сабабли ташкил этилган ва UNESCO шу сабабли ташкил этилган ва биз ҳар куни шундай қиламиз ва биз давом этамиз”, деди Мэтью Гавель.
UNESCO бўйича Хорватия комиссияси бош котиби Рут Карек эса конференциянинг Самарқанда ўтаётганини юқори баҳолаб, ўзбекистонликларни табриклади.
“Менимча, бу жуда яхши нарса. Сизни ва бундай тадбирни ташкил этишда сизни қўллаб-қувватлаган UNESCO’ни табриклайман. Ҳам ушбу форум, ҳам Бош конференция. Менимча, бу Бош конференция Франция, Париж ва UNESCO бош қароргоҳидан ташқарида ташкил этилган кам сонли ҳолатлардан бири. Шунинг учун мен сизни чин дилдан табрикламоқчиман, менимча, сиз буни энг юқори даражада қиляпсиз”, деди у.
UNESCO конфиренцияси арафасида Ёшлар форуми ҳам бўлиб ўтди. Унда 140 дан ортиқ мамлакатлардан вакиллар қатнашди. Форум мавзуси “Иқлим ҳаракати ва унинг ижимоий таъсири, айниқса ёшлар учун” даб номланади. Иштирокчилар тажрибаларини ўзаро алмашди, баҳслашди ва охирида резолюция қабул қилинди. Бу ҳужжат қандай кучга эга бўлади ва унинг иқлим муаммолари билан курашишда қандайдир таъсири борми. Бу саволларга иштирокчилардан жавоб оламиз.
“Бу жуда муҳим савол, чунки у ҳисобдорлик билан боғлиқ. Ҳисобдорлик – бу биз тез-тез эшитишимиз керак бўлган жуда муҳим сўз. Бу биз ҳозирданоқ сўрашни бошлашимиз керак бўлган ва олдинги ойларда аллақачон сўраган савол.
UNESCO Бош конференцияси бир неча йилда бир марта ўтказилади, шунинг учун бу аллақачон бўлиб ўтган муҳокамаларга доимий таъсир кўрсатади, лекин гап ёшлар билан ишлаб чиқараётган қарор ҳақида эмас. Аммо кейин мен у билан нима қилишим керак. Мен Швейцарияда шу қарорларни UNESCO Миллий комиссиясига тақдим этаман. Улар мени бу ерга таклиф қилишди. менинг ҳаражатларим, парвозларим учун тўлашди, шунингдек, Швейцария делегацияси билан ҳам алоқада бўлишди. Ва биз, Швейцария ёшлари сифатида, ўзгартирувчи кучга эгамиз.
Демак, гап ушбу тавсияларни уларга тақдим этиш, нима учун биз ушбу қисмларнинг баъзиларини олишимиз мумкинлигини тушунтириш ва уларни миллий контекстимизда амалга ошириш ҳақида.
Ва ниҳоят, бу келажак авлод сиёсатчиларини иқлимга жуда эътиборли бўлишга илҳомлантиради, чунки бу узоқ давом этган ҳаракат, аслида ёшлар иқлимни глобал муҳокамаларнинг олдинги қаторига олиб чиқишган. Масалан, Фридайс фор Футуре каби лойиҳалар ортида кўплаб ёшлар турибди”, деди форумда иштирок этган швейцариялик делегат Марта Ферагоза Наварро.
Сьерра-Леоне вакили Вафи Умаро эса мамлакатида қандай экологик муаммо бор эканини айтди.
“Бугунги кунда бутун дунё иқлим ўзгариши оқибатларидан азоб чекмоқда. иқлим ўзгариши ҳақида гапирганда, гап бир киши ҳақида эмас, балки кўпчилик ҳақида бўлади.
Ёшлар ўлароқ, албатта, бизда инновация, кўникмалар, ғоялар, иқлим ўзгаришига қарши курашиш қобилияти бор. Биз бутун дунё бўйлаб тарқалган муаммоларни ҳал қилиш учун қандай қилиб ёрдам олишимиз мумкинлиги ҳақида ғояларни бирлаштиришимиз керак. Агар биз ёшлар сифатида қўллаб-қувватланаётган бўлсак, албатта, биз бутун дунё бўйлаб муаммоларни ҳал қиламиз.
Сьерра-Леонеда мамлакат аҳолисининг 100 фоизидан 60 фоизи фермерлардир. Аммо улар маҳсулотларининг аксариятини йиғим-теримдан сўнг йўқотишади. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун қуёш энергиясида ишлайдиган ва салқинликни сақлаш тизимига эга қуритгич қуришга қарор қилдим. бу аслида жамиятда таъсир кўрсатмоқда”, деди у.
Тринидад ва Тобаго вакили Ренни Атвелл қийинчилик бўлишини, бироқ ёшлар форуми орқали UNESCO бош конференциясига келаётган ҳукумат вакилларига тавсиялар беришга умид қилишини айтди.
“Албатта, иқлим ўзгариши жуда долзарб масала бўлиб қолмоқда, аммо биз кўплаб мамлакатлар бу масалада давлатларга қанча маблағ ажратилиши кераклиги, айниқса иқлим инқирозининг олдинги чизиғида турган давлатларга қандай ёрдам кўрсатилиши кераклиги борасида иккига бўлинганини биламиз.
Айниқса Лотин Америкаси ва Кариб денгизи минтақасида, иқлим инқирозининг олдинги сафларида турганимиз сабабли, кичик ривожланаётган орол давлатларни глобал ҳамжамият томонидан шошилинч ва тезкор ёрдамга муҳтож бўлган ноёб гуруҳ сифатида тан олинишини ҳимоя қилиш учун шу ердамиз, чунки биз иқлим инқирозига жуда кам ҳисса қўшамиз, лекин унинг оғир юкини ўз зиммамизга оламиз.
Тавсияларни қабул қилиш ва ҳукуматларни уларни қабул қилишга ундаш қийин бўлади. Лекин биз бу ерда ҳимоя қилиш учун келдик ва улар биз уларга берган тавсияларни қабул қилишларига умид қиламиз”, деди у.
Шундай қилиб UNESCO’нинг 40 йил ичида биринчи бор Париждан ташқарида ўтаётган конференцияси бошланмоқда. Унда олий ва юқори даражадаги делегатлар, хусусан, Президент ва вазирлар қатнашади. Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ’да кузатиб боринг.
Live
Барчаси