Самарқандда “Зулфия” мукофотини олган ижодкорга уй совға қилинди
Жамият
−
09 Март 3725 1 дақиқа
Жорий йилнинг 6 март куни Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтганди. Шавкат Мирзиёев ушбу тадбирда “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндори, қашқадарёлик ижодкор Латофат Амировага 2 хонали уй совға қилганди. Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев Латофат Амировага совға қилинган янги уй калитини топширди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Ёш ижодкорнинг истеъдоди ва ижодий ютуқлари юксак эътироф этилиб, Президент топшириғига асосан унга Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивидан икки хонали, барча шароитларга эга, мебеллар билан жиҳозланган уй топширилди”, дейилади хабарда.
Уй калитини топшириш маросимида вилоят ҳокими Адиз Бобоев иштирок этган. Тадбир давомида ҳоким ёш шоира Латофат Амировани эришган ютуқлари билан самимий қутлаб, унга оилавий хотиржамлик, мустаҳкам бахт ва келгусидаги ижодий фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаган.
Эслатиб ўтамиз, 24 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Кўксарой» қароргоҳида ёшлар билан учрашуви чоғида жонли ижрода қўшиқ куйлаган 4-синф ўқувчисига машина совға қилганди.