Олинг қуда… Жамоатчилик муҳокамасисиз қабул қилинган қарор ёхуд Ҳукумат Агаларовларни Чорвоқ билан сийлади
Таҳлил
−
05 Август 15783 9 дақиқа
Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва унинг маслаҳатчиси Расул Кушербаев экологик хулоса олиш учун қурилиш лойиҳаси тақдим этилмагани ва вазирлик хулосасисиз иш бошланмаслигини айтиб келаётган бир пайтда сўнгги вақтларда кўпчилик, айниқса пойтахтликларнинг хавотирига сабаб бўлаётган “Sea Breeze Uzbekistan” қурилиши тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди. Энди на Экология ва на Қурилиш вазирлиги хулосаларининг аҳамияти ёки таъсири бор.
Қисқа қилиб айтганда, Озарбайжон Президентининг собиқ куёви Эмин Агаларовнинг Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Чорвоқ” сув омбори соҳилини эгаллаши кутилаётган туристик лойиҳаси “Sea Breeze Uzbekistan” жамоатчилик, экофаоллар, оммавий ахборот воситалари томонидан қаршиликларга қарамай, қурилади.
Шахсан Вазирлар Маҳкамасининг ушбу лойиҳа қурилиши юзасидан алоҳида қарор қабул қилиши “Agalarov Development”нинг нечоғлик жиддий инвестор эканидан дарак эмасми, сизнингча?
Қарорда таъкидланишича, бир томонида озарбайжонлик “Agalarov Development” МЧЖ турган “Sea Breeze Uzbekistan” қўшма корхонаси таклифлари энг яхшиси сифатида танлаб олинган. Бошқа яна қайси компания қандай лойиҳалар таклифи билан чиққани жамоатчиликка аён эмас. Қизиғи шундаки, қўшма корхонанинг иккинчи томонида ким ёки қандай ташкилот тургани баён қилинмаган.
Ҳукумат қарорида белгиланишича, қиймати 5 миллиард долларни ташкил этадиган “Sea Breeze Uzbekistan” учун 577 гектар ер майдони ажратилади. Эътибор беринг, гап Тошкент вилоятининг энг баҳаво, сўлим ва унча-мунча одам бир сотих ҳам ер ола олмайдиган ҳудудидан бериладиган нақд 577 гектар майдон ҳақида кетмоқда. Кўзланган ерларнинг амалдаги эгалари, фойдаланувчи ва ижарачиларининг ер участкасига бўлган ҳуқуқлари белгиланган тартибда бекор қилинади ва бўш турган ер сифатида ҳисобга олинади. Содда қилиб айтганда, мажбурий снос қилинади. Шундан сўнг, туман ҳокимлиги тасарруфига ўтказилиб, кейин эса “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖга 25 йилга ижарага берилади. Бунда ер эгалари, фойдаланувчи ва ижарачиларга етказилган зарарлар вилоят маҳаллий бюджетига “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖ томонидан ажратиладиган 5 миллион доллар ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан қопланади. Шу жойида эски маҳаллаларни снос билан буздириш орқали қурилган ва шаҳар ичида ёпиқ шаҳарга айланган “Tashkent city” ёдингизга тушмадими? Ҳозирда оддий аҳоли у ерда фақат айланиб, расмга тушиб кетиши мумкин, холос. Яшаш, нарсалар харид қилиш ва овқатланиш эса маълум тоифа даромад эгаларигагина хос.
Яна гаплашаётганимиз қарорга қайтсак. Унда белгиланишича, “Sea Breeze Uzbekistan” ижара муддати тугаганидан сўнг янги муддатга узайтириш бўйича устувор ҳуқуққа эга бўлади. Бу 2050 йилгача “Чорвоқ” бўйида тижорат қилган бизнесменнинг агар хоҳласа яна ишини давом эттиришини, ҳудуддан фойдаланмоқчи бўлган бошқа ҳар кимдан ҳам энг ҳақдор бўлишини англатади. Диққат қилинг, бу устуворлик лойиҳага қилинаётган ҳукуматнинг ягона яхшилиги эмас! Гап қарорда белгиланган ижара тўлови ҳамда унга берилаётган имтиёз ҳақида кетмоқда.
Баҳоловчи ташкилот ушбу 577 гектар ер майдонининг 25 йиллик ижара тўлови бозор қиймати бўйича 1,7 триллион сўм эканини ҳисоблаган. Қизиқ, “Чорвоқ” дачаларида бир кунлик ижара нархи бир неча минг доллар бўлиб турган бир пайтда ярим миллион гектардан ортиқ ҳудуд бор-йўғи 1,7 триллион сўм сўмгина, холосми? Ўзи буни қайси баҳолаш ташкилоти ҳисоблаб чиққан? Унинг шаффофлиги қанчалик ишончли?
Ҳайрон қолманг, бундан ҳам ҳайратланарлиси олдинда! Қарорга кўра, ушбу қийматга 0,01 камайтирувчи коэффициент қўлланган ҳолда “Sea Breeze Uzbekistan” бор-йўғи 17 миллиард сўм миқдорида ижара пули тўлайди, 5 йил давомида бўлиб-бўлиб. Содда қилиб айтганда, “Чорвоқ”дек стратегик сув омбори атрофидаги 577 гектар ернинг 25 йиллик ижара тўлови миллиардер Агаларовлар учун сариқ чақа бўлган 17 миллиард сўмга тенглаштирилган.
“Ижара ҳуқуқи қиймати намунча кам? (577 гектар ерга 17 млрд.сўм ва яна 5 йилга бўлиб тўлашга). Нима учун 0,01 камайтирувчи коэффициент қўлланилган? Чорвоқдаги бошқа туристик зоналардаги аналоги бўйича ижара ҳуқуқи қиймати қанақа? Ахир жаноб Агаларов касалхона қурмаяптику, тижорий объект қураяпти”, дея таъкидлади иқтисодчи Отабек Бакиров.
Шунингдек, қўшма корхона мазкур ер ва у ерда қуриладиган иншоотларни лотларга бўлган ҳолда қайта ижарага бериш ҳуқуқига эга. 5 миллиардлик лойиҳаси учун ҳукуматдан яхшигина сийловлар олаётган Агаларов вақти келганида маҳаллий тадбиркор ёки халқ учун ҳам шундай енгилликлар яратиб бера оладими ёки йўқ, бу ҳали савол остида. Ҳудуднинг оддий аҳоли қадам ҳам боса олмайдиган даражада қиммат ва бойваччалар дам олиш маконига айланиб кетишидан хавотирлар аллақачон пайдо бўлган.
Ниҳоят, қурилишнинг кўпчиликни хавотирга солган жиҳати – оқава сувларининг ичимлик сув манбасига тўкиб юборилиши ҳақидаги қисмига ҳам етиб келдик. Қарорда таъкидланишича, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Чорвоқ” туристик-рекреацион зонаси дирекцияси икки ой муддатда “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖ билан инвестиция битими тузади. Унга кўра, лойиҳани амалга ошириш даврида ва ишга тушгандан кейин чиқинди ҳамда оқава сувлари “Чорвоқ” сув омбори ва Чирчиқ дарёсига ташланишига йўл қўйилмайди. Оқава сувларини Чирчиқ шаҳри оқава сувларни тозалаш иншоотига йўналтириш чоралари кўрилади. Ушбу талабларга риоя этмаслик лойиҳа тўхтатилиши ва ерга бўлган ижара ҳуқуқининг бекор қилинишига асос бўлади.
“Расул Кушербаев саҳифасида инвестор ушбу лойиҳа учун сувни қайта ишлайдиган ва қайта фойдаланадиган замонавий тизим яратиши, бу ишлар тўлиқ инвестор ҳисобидан амалга оширилишини айтганди. Қарор матнида эса оқава cувлар Чирчиқ шаҳри оқава сувларни тозалаш иншоотига йўналтирилиши айтилган. Бу иншоот юкламани қандай кўтаради, фавқулодда вазият юзага келса, қандай чора кўрилади?”, деди экофаол Мўтабар Хушвақтова (Urikguli).
Қарор билан танишар экансиз, “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳасига рухсат беришдан аввал қандай мутахассислар билан маслаҳатлашилгани, кимларнинг хулосалари олингани ҳақидаги саволларингиз очиқ қолади.
Жамоатчилик фаоллари эса “халқ фикри инобатга олинди” дея хурсанд. Сизнинг фикрингиз қандай? Сиз ҳам миллионлаб одам сув ичадиган тоза ва ҳудуддаги ягона сув ҳавзаси атрофида йирик қурилишни бошлашга рухсат беришда ҳукумат халқ фикрига қулоқ солди, деб ҳисоблайсизми?
Қонун ҳужжатлари қабул қилинишида жамоатчилик назоратини кучайтириш, халқ фикрини инобатга олиш ҳақида кўп гапирилади, аммо амалда-чи? Жумладан, бугун биз гаплашиб турган ВМнинг 2025 йил 1 августдаги 490 сонли қарори ҳам regulation.gov.uz сайтида эълон қилиниб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилмади. Шундай экан, “халқ фикри инобатга олинди” дея бонг уриш қанчалик ўринли?
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса “Экологик талаб дегани оқова сувларни канализацияга юборишмиди?” дея таажжубда.
“Курортми, заводми, касалхонами, оқова сувларини канализацияга юбориш бу умумий ва стандарт талаб эмасми?” деб савол қўймоқда у.
Бакировга кўра, лойиҳани тўхтатишга асос бўладиган талаб жудаям оддий ва енгил. Агаларовлар эса ҳеч нима билан риск қилаётгани йўқ ва исталган вақт ҳеч қандай йўқотишларсиз лойиҳадан чиқиб кета олади.
Ҳукумат қарорида баъзи вазирлик, идора ҳамда ташкилотларга бир қанча топшириқлар юклатилган. Масалан, “Чорвоқ” туристик-рекреацион зонаси дирекцияси икки ҳафта муддатда “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖга зона иштирокчиси мақомини беради. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 2026 йилнинг 1 январига қадар автомобиль йўллари, ичимлик ва оқава сув таъминоти, электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқларини қуриш ҳамда “Чорвоқ” сув омбори ҳудудида кўприк қуриш учун халқаро молия институтлари кредитларини ва давлат-хусусий шериклик асосида инвесторлар маблағларини жалб этишга масъул.
Қарорга кўра, муҳофаза зоналарига қўйилган талабларга риоя қилиш, тақиқланган зоналарда қурилиш ишларини олиб бормаслик, шунингдек, оқава сувларни “Чорвоқ” сув омборига ташламасликни назорат қилиш ҳамда атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этиш, санитария-экологик меъёрларга риоя қилиш ва соғлом экологик муҳитни сақлаш бўйича қатъий чоралар кўриш Экология ва Қурилиш вазирликлари, шунингдек, Бош прокуратура ҳамкорлигида олиб борилади.
Таъкидланишича, Экология вазирлиги “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖ билан биргаликда бир ой муддатда қурилиш бўладиган ҳудудда мавжуд дарахтларни хатловдан ўтказади ва уларни қимматбаҳо, кам қимматли ҳамда нобуд бўлган тоифаларга ажратади. Ўзбекистонлик мутахассислар бу усул бесамар экани, иқлим ва технологик жиҳатдан бизга мос эмаслигини кўп маротаба таъкидлаётганига қарамай, бу сафар ҳам қимматбаҳо деб топилган дарахтларни бошқа ҳудудларга кўчиришга қарор қилинган. Кам қимматли деб топилган дарахтларни эса кўчириш, ёки кесилган бир туп дарахт учун тўловни амалга оширмасдан бунинг ўрнига 10 туп 5-7 йиллик кўчат экиш белгиланган. Нобуд бўлган деб топилган дарахтлар эса ўз-ўзидан маълумки, шунчаки кесиб ташланади. Ҳеч кимга сир эмаски, мамлакатда сув ресурси аллақачон муаммога айланиб, вазият сув заҳиралари билан ўйлаб муомала қилишни тақазо этмоқда. Жойларда ичимлик суви масала, бир туп дарахт кўкартириш эса машаққат бўлиб турган бир вақтда дарахтларни эртага қуриб қолиши тайин бўлган усулда кўчиришга ҳукумат доирасида рухсат бериш, сизнингча, қанчалик мантиқли?
1966 йилда Тошкентда содир бўлган зилзиладан сўнг шаҳарни тиклаш учун катта электр энергиясига пайдо бўлган эҳтиёжни қондириш учун қурилган шу номдаги ГЭС кейинчали “Чорвоқ” сув омборига айлантирилган. Бугунги кунда йирик ичимлик суви заҳираси атрофи 2000 йиллардан буён дам олиш масканига айлантирилиб келади ва бу давом этмоқда. Ҳозирги вазиятда эса “Sea Breeze Uzbekistan”га курорт қуриш учун ажратилаётган ер, хусусан, “Яккатут” маҳалласи ҳудудида 1938-1946 йилларда собиқ “Союзмишяк” комбинати томонидан 0,64 гектар ер майдонига тахминан 40 минг тонна маргимуш чиқиндилар атрофи ва устки қисми бетонланиб, ҳаво чиқариш трубалари ўрнатилиб, кўмилган. Бетон устидан 70-80 сантиметр қалинликда тупроқ ётқизилган. Бу ҳолат аҳолида ўринли хавотир ва саволларни пайдо қилди. Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси эса бундай иддаолар асоссиз эканини билдирди. Бироқ бу баёнот етарли бўлмаслиги мумкин. Чунки ҳукуматнинг бугун биз гаплашаётган қарорида сув омбори билан содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда техноген оқибатлар ҳақида сўз бормаган.
Қарорга кўра, лойиҳанинг шаҳарсозлик ва экологик талаблар асосида амалга оширилишини Бош прокурор ўринбосари Самадов назорат қилади.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев эса эковазир Абдуҳакимов ва Бош прокурор ўринбосари Салом Самадов билан биргаликда битимда белгиланган мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назорат қилишга шахсан масъул этиб белгиланган.
Қарор матни билан танишар экансиз, “Sea Breeze Uzbekistan” қўшма корхонасига астойдил қулайликлар яратилганига гувоҳ бўласиз. Жамоатчилик ҳам оқава сувларининг “Чорвоқ”га тўкилмаслиги айтилгач, хотиржамдек. Аммо дарахтлар кўчирилиши, амалдаги ер эгаларига етказиладиган зарарлар қоплаб берилиши, қарордаги бандларнинг амалда қўлланилиши, атрофдаги аҳоли турмуши ва “Маргимуш қабристони” машмашалари ҳали олдинда.
Live
Барчаси