Сенатор Тошкентда “свет” кўп ўчаётгани бўйича вазирдан изоҳ сўради
Жамият
−
01 Август 5278 2 дақиқа
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдукаримова Тошкентда тез-тез электр энергияси узилаётгани юзасидан изоҳ сўраб, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга сенаторлик сўрови юборди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати хабар берди.
Маълум қилинишича, сенатор ўз сўровида Тошкент шаҳрида электр энергияси таъминотида сўнгги пайтларда узилишлар кўпайгани – аҳолининг кундалик ҳаёти, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган.
“Аҳоли ва тадбиркорлар томонидан электр таъминотидаги 3-4 соатлик узилишлар бўйича кўплаб мурожаатлар билдирилмоқда. Ушбу узилишлар нафақат фуқароларнинг кундалик турмуш тарзига, балки тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ижтимоий инфратузилма объектларининг барқарор ишлашида ҳам муаммолар юзага келмоқда”, дейилади сенаторнинг сўровида.
Шунингдек, Абдукаримова светофорлар фаолиятидаги узилишлар транспорт ҳаракатини тартибга солишда қийинчилик туғдираётгани, бу эса йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солаётганини билдирган.
“Шунингдек, ишлаб чиқариш ва савдо объектларида совутиш тизимларининг ишдан чиқиши оқибатида йирик молиявий зарарлар юзага келаётгани, хонадонларда эса маиший техника воситаларининг ишдан чиқиши ҳолатлари аниқланмоқда”, дейилади сўровда.
Сенат матбуот хизмати истеъмолчиларнинг бу борадаги ҳуқуқларини эслатиб ўтган. Қайд этилишича, “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонуннинг 39-моддасига (электр энергияси истеъмолчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари) кўра, электр энергияси истеъмолчилари сифатли ва барқарор электр энергиясини олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ушбу қонуннинг 61-моддасида (электр таъминотини вақтинча тўхтатиб туриш ёки чеклаш) таъкидланишича, таъминотни тўхтатиш ёки чеклаш фақатгина бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ёки аварияларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Тошкент шаҳрида электр таъминотида узилишлар тез-тез кузатилаётганини куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш билан изоҳлаганди. Энергетика вазирлиги эса Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли рекорди янгиланиб, биринчи марта ёзги истеъмол ҳажми қишги истеъмол ҳажмини ортда қолдирганини маълум қилди.
Live
Барчаси