Ҳокимлик тилга кирди: Норбоева кўчгач, талон-торож бўлган маҳалла муаммосига ечим йўқми?
Таҳлил
−
19 Ноябрь 7015 4 дақиқа
QALAMPIR.UZ бундан 20 кун олдин “Норбоева кўчгач, маҳалласи талон-торож қилиняпти ёхуд Тошкент Ортиқхўжаевнинг маҳрига тушганми?” сарлавҳали журналистик суриштирув эълон қилган эди. Такрорий мурожаатлардан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокимлиги мазкур суриштирувга кутилмаган муносабат билдирди.
Ёдингизда бўлса, 30 октябрь куни таҳририят ўзининг You Tube саҳифасида аҳоли мурожаати асосида тайёрланган видеоматериални жойлаганди, ҳозирда унинг кўришлар сони 318 мингдан ортиқ. Пойтахтнинг Алишер Навоий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли мурожаати ўрганилган мазкур лавҳада 2011-2013 йилларда қуриб, фойдаланишга топширилган 8 та кўп қаватли уй аҳолиси 2018 йилгача автотураргоҳ сифатида фойдаланиб келган ер майдони “Toshkent City” қурилиши бошлангач, одамларни чангдан ҳимоя қилиш баҳонасида темир тўсиқ билан ўраб олингани, эндиликда эса бу жойнинг тадбиркорга бериб юборилгани ҳақида гап кетади. Шунингдек, видеода Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам бир вақтлар мазкур уйларнинг бирида истиқомат қилгани, кейинчалик кўчиб кетгани ва айнан шундан сўнг ер машмашалари бошлангани алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Материалда кўтарилган асосий масала шуки, аҳоли қўлида мазкур уйлар қурилиши ва лозим ҳудудлар ажратилиши белгилаб қўйилган Вазирлар Маҳкамаси (ВМ) ҳамда ўша пайтдаги пойтахт ҳокими қарори мавжуд бўлган ҳолда, муҳим инфратузилма, яъни автотураргоҳдан ажраб қолмоқда. Гап шундаки, аҳоли уларда ВМ, шаҳар ҳокими ва кадастр ҳужжатлари бўлса-да, ҳудуддаги ер участкалари хусусий мактаб ва боғча қурилиши учун тадбиркорга бериб юборилганини таъкидлайди.
QALAMPIR.UZ суриштирув давомида ер участкаларининг муқаддам дарахткушликда айбланган ва пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор бўлган компанияга ақл бовар қилмас даражадаги арзон нархда пулланганини аниқлади.
Бу масаланинг қизиқ жиҳатларидан яна бири шуки, таҳририятга мурожаат қилган аҳоли бизда барча ҳужжатлар мавжуд, дея ВМ фармойиши ва 2011 йилги шаҳар ҳокими қарорига суяниб юрган бир даврда мазкур ер участкалари пойтахтнинг ҳозирги ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 2024 йилги қарори асосида аукционга чиқариб юборилган. Мана энди мақола бошидаги “ҳокимликнинг кутилмаган муносабати”га етиб келдик. Видео материал эълон қилингани заҳоти муносабат бериши керак бўлган ҳокимлик “бехабар”ликда давом этди.
Таҳририятнинг ҳокимлик муносабати ва Умурзоқовнинг қарорига асос деб келтирилган ВМ қарори ҳақидаги саволларига ҳокимлик матбуот котиби Гулноза Қосимова ВМнинг 2011 йил 17 майдаги 288-сонли фармойишида келтирилган “буюртмачи ташкилотлар орасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўқлиги”ни билдирди. Биз берган савол ва ҳокимлик берган жавоб ўртасида қандай боғлиқлик борлиги тушунарсиз. Чунки ҳеч ким буюртмачилар орасида шаҳар ҳокимлиги борлигини даъво қилаётгани йўқ.
Ҳокимлик берган муносабатда 2011 йил 16 июнь куни ўша вақтдаги шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов қароридан парча келтирилиб, унда Навоий кўчасидаги уйлардан бирини қуриш учун майдони 0.73 гектар бўлган ер ажратиб берилиши белгилангани таъкидланади ва қуйидагича фикр билдирилади:
“Шу тариқа, шаҳар ҳокимлигида мурожаатномада келтирилаётган майдон аҳоли учун автотураргоҳ ташкил қилиниши мақсадида ажратилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини маълум қиламиз”, дейилади муносабатда.
Хуллас, калаванинг учи топилмаяпти ёки ҳеч ким топишни истамаяпти. Тегишли давлат ташкилотлари “Отангга бор, онангга бор!” қабилида иш тутмоқда. Бир мурожаатни ўрганиш машаққатини журналистдан сўраш керак, айниқса гап ер, кўчмас мулк ёки йирик тадбиркорлар аралашувидаги ишларга алоқадор бўлса.
Баъзида давлат ташкилотлари ходимлари ёки бошқа иккинчи томон вакиллари журналистларни бир ёқлама ахборот тарқатишда айблайди, аммо танганинг иккинчи томонини беэътибор қолдиради. Яъни, кўпинча иккинчи томондан маълумот ва муносабат олиш учун журналистлар бир эмас, бир неча маротаба мурожаат қилади, кутади ва охирида “биз билмаймиз” ёки "бизнинг иш эмас" деган жавобни олади. Кўпинча мурожаатларнинг ташкилотлараро “копток қилиниши”, жавоб бермаслик ёки жавоб берилган тақдирда ҳам ўзидан соқит қилиш учунгина юзаки ёндашиш ҳам кузатилади. Бу аслида ОАВда ёритилаётган мурожаатлар асосидаги материалларнинг таъсир кучи йўқолиб бораётгани ва қасддан эътиборсиз қолдирилаётганидан дарак беради.
Таъкидлаш жоизки, қонунчилик ОАВ ва давлат органлари муносабатларини аниқ тартибга солади, аммо унга амал қилишда кўпинча оқсоқликка йўл қўйилади. Хусусан:
“Оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади”, дейилади “Мурожаатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасида.
Ёки “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 351-моддасидан ҳам парча келтириш мумкин:
“Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек, мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади”.
Аммо бундай қонунларнинг фақатгина қоғозда қолиб кетаётгани, ОАВнинг таъсир кучи ва қудрати йўқликка юз тутаётгани ҳафсалани пир қилади. Ваҳоланки, идеал жамиятда ОАВда ёритилган материалга давлат органлари адекватлик ва толерантлик билан муносабатда бўлиши, соддароқ айтганда, ўз вазифасини бажариши – ҳолатнинг ОАВга олиб чиқилишига қадар етиб борганига жавобгарлик ўлароқ изоҳ бериши лозим. Чунки тегишли ташкилотларда ҳал бўлмаган масалаларгина кенг жамоатчиликка олиб чиқилади.