Шавкат Мирзиёев Буюк Британия делегациясини қабул қилди
Жамият
−
17:36 774 1 дақиқа
Бугун, 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Буюк Британиянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили лорд Жон Олдердайсни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, барча даражаларда алмашинувлар фаол давом этаётгани таъкидланган. Хавфсизлик соҳасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Кейинги 5 йилда товар айирбошлаш 2 баравар ошган. Лондон фонд биржасида Ўзбекистоннинг 15 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги суверен ва корпоратив облигациялари жойлаштирилган. Ўтган йили Қўшма иқтисодий қўмита механизми ишга тушган.
Британиялик ҳамкорлар билан биргаликда Президент мактаблари ташкил этилган ва учта қўшма университет муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ўзбекистонга ташриф буюраётган британиялик сайёҳларнинг сони ортиб бормоқда.
Суҳбат давомида энергетика, молия, геология, транспорт, кимё, фармацевтика, фан ва таълим соҳаларида янги лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланган.
Шунингдек, минтақавий ва глобал аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Учрашув якунида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинган.
Live
Барчаси