Шавкат Мирзиёев Путин билан АЭС қурилишини муҳокама қилди
Жамият
−
24 Март 3478 2 дақиқа
Бугун, 24 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан Ўзбекистондаги илк АЭС қурилишини муҳокама қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, телефон орқали бўлган суҳбат давомида атом энергетикаси, саноат ишлаб чиқариши ва транспорт соҳаларида амалга оширилаётган бир қатор йирик қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.
Хусусан, Ўзбекистонда Россия лойиҳаси асосида қурилаётган атом электр станцияси майдонида бетонлаш ишларини бошлаш маросими бўлиб ўтгани мамнуният билан қайд этилган. Шунингдек, жорий йилнинг 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатида учинчи мис бойитиш фабрикаси ишга туширилгани таъкидланган. Келтирилишича, мазкур корхона учун зарур ускуналар Россиянинг етакчи машинасозлик корхоналари томонидан етказиб берилган.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан, жумладан, Яқин Шарқдаги можаро ва Украина атрофидаги вазият бўйича ҳам батафсил фикр алмашган.
Суҳбат якунида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасидаги фаол ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида va Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги бўлажак АЭС қурилиш майдончасида бўлиб ўтган тадбирлар доирасида стратегик ҳамкорликка оид муҳим ҳужжатлар имзоланганди ҳамда дастлабки бетон ишларига расман старт берилганди.
Live
Барчаси